Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси депутатлари ҳамкорлик режасига мувофиқ Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги академик
М. Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтига ташриф буюриб, муассасанинг илмий салоҳияти, унда амалга оширилаётган тадқиқотлар билан яқиндан танишдилар.
Депутатларга институтнинг моддий-техник базаси, замонавий лаборатория жиҳозлари ҳамда қишлоқ хўжалиги техникалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Ўсимликларни "ин-витро" усулида кўпайтириш, соғлом ва юқори сифатли кўчат етиштириш жараёнлари амалий кўринишда намойиш этилди. Шунингдек, мева ва узум навларининг кўргазмаси тақдим этилди. Яратилган янги навлар, истиқболли дурагай шакллар ҳамда инновацион ишланмалар намойиш қилиниб, маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичлари, таъм хусусиятлари ва бозор талабига мослиги юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Ташриф давомида соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш, илмий натижаларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш ҳамда долзарб муаммоларни тизимли ҳал этиш масалалари муҳокама қилинди.









