Сайт синов режимида ишламоқда: материаллар ва таржималар ҳали тўлдирилмоқда.
Шрифт:
Ранг:
Маҳсулотлар
Сайт харитаси Кириш
Gerb

Иқлим ўзгаришига қарши шоличиликда янги илмий ечимлар

Иқлим ўзгаришига қарши шоличиликда янги илмий ечимлар
Глобал иқлим ўзгариши қишлоқ хўжалиги олдига янги вазифаларни қўймоқда. Сув танқислиги, юқори ҳарорат, қурғоқчилик ва ўзгарувчан об-ҳаво шароитида шоли ва дуккакли экинларни барқарор етиштириш учун энди фақат тажрибанинг ўзи кифоя эмас — илм, инновация ва халқаро ҳамкорликни бир нуқтада бирлаштириш талаб этилмоқда. Тошкент давлат аграр университетида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Шоличилик илмий-тадқиқот институти томонидан ташкил этилган халқаро илмий-амалий конференсия ана шу долзарб масалаларга бағишланди. Конференсияни кириш сўзи билан очар экан, Марказ раҳбари Жамолиддин Бобохонов илм-фан натижасининг ҳақиқий қиймати унинг амалиётдаги самараси билан белгиланишини таъкидлади. Янги ишланма яратиш билан иш битмаслиги, уни ишлаб чиқаришга олиб кириш, фермер ва тадбиркорга етказиш ҳамда иқтисодий ва ижтимоий самарадорлигини таъминлаш зарурлиги қайд этилди. Унинг нутқида сув ва бошқа ресурсларни тежаш, илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга жадал жорий этиш, хорижий тажрибани мамлакатимиз шароитига мослаштириш ва ёш олимларни қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам алоҳида урғу берилди. Марказ раҳбарининг илмий-тадқиқотлар бўйича ўринбосари Азизбек Баҳодиров эса илм-фан натижасининг манзили фермер эканини таъкидлади. “Замонавий технологиялар фермерларга ўз вақтида ва тўғри қарор қабул қилиш имконини бериши керак”, — деди у. Бунинг учун илмий ишланмаларни фермер хўжаликларида синовдан ўтказиш, уларнинг амалий ва иқтисодий самарадорлигини аниқ баҳолаш, илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш муҳимлиги қайд этилди. Анжуманда Кореянинг Ўзбекистондаги КОПИА маркази директори Ким Жаеҳюн ҳам глобал иқлим ўзгариши қишлоқ хўжалигига жиддий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, юқори ҳарорат, қурғоқчилик, сув танқислиги, ёғингарчилик тартибининг ўзгариши ҳамда касаллик ва зараркунандаларнинг кўпайиши қишлоқ хўжалиги учун янги илмий ечимларни талаб этмоқда. Шоли дунё аҳолисининг озиқ-овқат хавфсизлигида муҳим ўрин тутиши, дуккакли экинлар эса озиқ-овқат ва озуқа хавфсизлиги билан бир қаторда барқарор қишлоқ хўжалиги учун ҳам муҳим экани таъкидланди. Ким Жаеҳюн Ўзбекистон билан илмий ҳамкорликни янада ривожлантиришга тайёр эканини билдириб: -Биз дўст Ўзбекистон давлати билан изчил ҳамкорлик қилишга доимо тайёрмиз. Ушбу конференсия ҳам шоличилик илмида тажрибаларимизни бўлишиш учун қулай платформа бўлади, — деди. Халқаро анжуман шу жиҳати билан аҳамиятлики, унда илм-фан натижаларини фақат муҳокама қилиш эмас, балки уларни далага олиб чиқиш, фермер учун амалий ечимга айлантириш ва иқлим ўзгаришига мос қишлоқ хўжалигини шакллантириш масалаларига эътибор қаратилмоқда. Миллий марказнинг расмий саҳифаларини кузатиб боринг. WЕБ | Телеграм | Инстаграм | Факебоок |Ёутубе

Манбани Telegramда очиш

Хатони маъмуриятга юбориш
Раҳмат! Хабарингиз юборилди.