


Бугун Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказида Исроил давлатининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Гидеон Лустиг ташриф буюрди.
Ташриф доирасида Миллий марказ директори Шуҳрат Отажонов ва элчи ўртасида самимий ва мазмунли мулоқот бўлиб ўтди. Учрашув аввалида Шуҳрат Отажонов марказнинг асосий мақсад ва вазифалари, халқаро ҳамкорлик йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳамда эришилган натижалар ҳақида батафсил маълумот берди.
Мулоқот давомида Марказ ҳузурида Хитойнинг "Янлин" компанияси билан ҳамкорликда ташкил этилаётган агротехнопарк ва унинг олдига қўйилган вазифалар, шунингдек, аграр илм-фан соҳасида дунёда етакчи ўринга эга агрокорпорацияларни резидент сифатида жалб этиш шартлари муҳокама қилинди. Элчи Гидеон Лустиг мазкур йирик лойиҳага катта қизиқиш билдирди ва ҳамкорлик бўйича ўз таклифларини илгари сурди.
Шунингдек, элчи Исроилнинг Халқаро тараққиёт ҳамкорлик агентлиги — МАШАВ (Тҳе Агенкй фор Интернатионал Девелопмент Кооператион) билан ҳамкорликни кучайтиришни таклиф этди. Таъкидлаш жоизки, МАШАВ — қишлоқ хўжалиги, сув ресурсларини бошқариш, соғлиқни сақлаш, таълим каби қатор соҳаларда ривожланаётган мамлакатлар билан тажриба алмашиш ва ҳамкорликни ривожлантиришга ихтисослашган агентлик бўлиб, қишлоқ хўжалиги унинг асосий фаолият йўналишларидан биридир. Элчи томонидан илгари сурилган ушбу таклиф марказ фаолиятини ривожлантириш ва халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш учун муҳим имконият сифатида эътироф этилди.
Томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацион технологияларни жорий этиш, илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш ва малака ошириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш каби йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ҳам муҳокама қилдилар.
Учрашув якунида элчи Гидеон Лустигга марказ ҳудудида ин-витро усулида вирус ва бактериялардан холи картошка уруғлари тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ишлар, шунингдек, пахта етиштиришда қўлланилаётган замонавий агротехнологиялар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Учрашув илиқ ва ишончли руҳда ўтиб, келгусида икки томонлама манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.
