Жараён

Тезкор селексия – янги навлар, янги имкониятлар
Миллий марказ тизимидаги Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти ва Покистон Ислом Республикасининг ПАРС (Плант анд Анимал Ресеарч Статион) маркази ўртасидаги ҳамкорлик доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасида янги навларни яратиш ва кадрлар малакасини ошириш бўйича истиқболли лойиҳа амалга оширилмоқда.
Мазкур ҳамкорлик доирасида тезкор селексия усулларини жорий этиш орқали янги навларни яратиш жараёни сезиларли даражада тезлаштирилиши кўзда тутилган. Анъанавий усулларда 12–15 йилни талаб этадиган селексия жараёнлари эндиликда 5–7 йилгача қисқартирилади. Бу эса янги, юқори ҳосилдор ва иқлим ўзгаришларига чидамли навларни тезда қишлоқ хўжалиги амалиётига татбиқ этиш имконини беради.
Лойиҳанинг амалий босқичларини самарали ташкил этиш ва мутахассислар малакасини ошириш мақсадида Покистоннинг селексия ва биотехнология соҳасидаги етакчи мутахассисларидан бири — доктор Заҳид Маҳмоод 15 кунлик хизмат сафари билан Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институтида бўлиб турибди.
Ташриф давомида доктор Заҳид Маҳмоод томонидан маҳаллий олимлар ва мутахассислар учун амалий семинарлар ўтказилади, селексиянинг замонавий усуллари ва уларни жорий қилиш технологиялари муҳокама қилинади. Шунингдек, икки муассаса ўртасида илмий маълумот алмашинуви ва келгуси ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинади.
Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти ва ПАРС маркази ўртасидаги ушбу ҳамкорлик минтақада қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда иқлим ўзгаришларига чидамли навларни яратиш борасида муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе