Жараён

Лалмикор деҳқончилик институти: ислоҳотлар ва янги имкониятлар
Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институтида катта ислоҳотлар олиб борилмоқда. Сўнгги йилларда институтда илмий натижаларни пасайиши ва бошқарувдаги муаммолар кузатилгани сабабли, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Миллий марказ раҳбарияти институт фаолиятини қайта йўлга қўйиш ташаббуси билан чиқди.
Янги ислоҳотлар доирасида институт раҳбарияти алмаштирилди ва унинг янги раҳбари Диёр Жўраев тайинланди. Давлат раҳбари топшириғига мувофиқ, халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 1 миллион доллар ва давлат бюджети ҳисобидан қарийб 2 миллиард сўм маблағ ажратилди. Ушбу маблағлар институтнинг тўлиқ реконструкцияси, замонавий лаборатория ускуналарини харид қилиш ва инфратузилмани яхшилашга йўналтирилади. Шунингдек, узлуксиз электр таъминотини таъминлаш мақсадида 200 кВт қувватга эга қуёш электр стансияси ўрнатилади.
Миллий марказ директори Шуҳрат Отажонов раҳбарлигида ташкил этилган йиғилишда илмий муассаса олдида турган вазифалар муҳокама қилинди. У институт ходимларини ажратилган маблағларни самарали ишлатиш, илмий натижаларни ошириш ва қишлоқ хўжалигига фойдали инновацияларни татбиқ этишга чорлади.
Шунингдек, Миллий марказ тизимидаги бошқа илмий муассасалар раҳбарлари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, институт жамоасига муваффақиятлар тилашди. Шуҳрат Отажонов институт учун ажратилган электромобил калитини янги директор Диёр Жўраевга топширди.
Бу ислоҳотлар натижасида Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти ўз фаолиятини янги босқичга олиб чиқиши ва лалми ерларда деҳқончиликни ривожлантиришда муҳим илмий марказга айланиши кутилмоқда.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе