Жараён

Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институтини ривожлантириш учун 1 миллион доллар йўналтирилади
Мамлакатимиз аграр соҳасида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институтининг алоҳида ўрни бор. Боиси институт ташкил бўлган 1913-йилдан буён ушбу илмий мауссасада фаолият кўрсатган олимлар лалмикор ерларда деҳқончилик маданиятини ривожлантириш, серҳосил экин навларини яратиш ва янги агротехнологиялар устида тинимсиз илмий изланиш олиб борадилар. Институтнинг 110-йилдан ортиқ фаолияти давомида 20 га яқин қишлоқ хўжалик экинларининг 246 та серҳосил навлари яратилган.
Бироқ сўнгги йилларда илмий муассасада юзага келган носоғлом муҳит институтнинг узоқ йиллар давомида эришган ютуқларига соя солди. Ўзибўларчилик кайфияти билан ишлаш эса институтнинг моддий -техник базасини образли қилиб айтганда чиритди, биноларни жулдур аҳволга солди.
Аввал хабар берганимиздек, бугун ушбу илмий муассасада Миллий марказ директори Шуҳрат Отажонов раислигида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда эришилган ютуқлар эътироф этилган ҳолда илмий муассасада йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этиш муҳокама марказида бўлди.
– Бир пайтлар лалмикор деҳқончилик илмининг ўзаги бўлган, нафақат Ўзбекистон балки, Марказий Осиё мамлакатлари учун тармоқ илмининг базаси бўлган табаррук маскандан бугун олдинги файзни топиб бўлмайди. Эшикдан кириб келган одам илмнинг тилсимини кашф қилиш ўрнига нохуш кайфиятни ҳис қилади. Сабаби аниқ. Тарқоқлик юзага келган жойда бошқача бўлиши мумкин эмас. Лекин сизларнинг зиммангизда мамлакатимиздаги ҳайдаб деҳқончилик қилинадиган қарийб 800 минг гектар майдонда ризқ ундирувчи деҳқонлар учун янги серҳосил экин навларини яратишдек вазифа турибди, – деди Шуҳрат Отажонов.
Шундан сўнг таҳлилий маълумотларга эътибор қаратилди. – Институтда 8 та лаборатория 19 нафар илмий даражали ходим фаолият кўрсатаётган бўлсада, 2024-йилда Скопус ва Wеб оф Скиенке базасига кирувчи халқаро нашрларда бор-йўғи 2 тагина мақола эълон қилинган холос. Таассуфлиси шундаки, ўтган йилда бирорта ҳам монография чоп этилмаган. Бу тадқиқот деярли йўқлигини акс эттирмайдими, – деди Шуҳрат Отажонов.
⁉ Танқидий руҳда ўтган йиғилишда ўтган йилда докторантурани тугатган 7 нафар докторантнинг илмий ишининг ҳимояси ҳануз ўтказилмай келаётгани ва институтнинг ишлаб чиқаришдаги "0" га тенг натижаси кескин танқид қилинди.
Муҳокамалардан сўнг Шуҳрат Отажонов йиғилиш иштирокчиларига хушхабар сифатида институтни ривожлантириш, олдинги нуфузини тиклаш мақсадида Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан 1 миллион доллар ва институтни муқобил энергия билан таъминлаш мақсадида 2 миллард сўм маблағ йўналтирилишини маълум қилди.
– Йўналтириладиган маблағлар илмни ривожлантириш, мамлакатимиз тараққиётига хизмат қиладиган ёш ҳақиқий олимларни етиштиришга хизмат қилиши зарур. Бунинг учун барча зарур чораларни кўрамиз, – деди Миллий марказ раҳбари Шуҳрат Отажонов.
Шундан сўнг ташкилий масала кўриб чиқилди. Қишлоқ хўжалиги вазирининг тегишли буйруғига асосан, институт директори Хайдаров Бекмурод Дўсиярович ўз хоҳишига кўра лавозимидан озод қилиниб, шу кунгача Миллий марказ тизимидаги Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган Жураев Диёр Турдиқулович Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институтига директор этиб тайинланди.
Йиғилиш якунида янги раҳбар билан биргаликда илмий муассасани ривожлантиришнинг 2025-2026-йилларга мўлжалланган йўл харитасини ишлаб чиқиш ва бошқа ечимини кутиб турган масалаларни ҳал этиш юзасидан топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Илмий жамоа аъзоларининг фикр-мулоҳазалар тингланиб, амалий таклиф ва ташаббуслар асосида янги илмий лойиҳаларни ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе