КАНОП ЕТИШТИРИШ ВА ҚАЙТА ИШЛАШ ЛОЙИҲАСИ БЎЙИЧА МУҲИМ ҚАДАМ

Аввал хабар берганимиздек, Жанубий Кореянинг “СЖ Глобал Корпоратион” компанияси Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази билан ҳамкорликда Корея технологияси асосида каноп етиштириш лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишув имзолаган эди.
Бугун Миллий марказда ушбу лойиҳанинг навбатдаги амалий ва назарий жиҳатлари муҳокама қилинди. Тадбирда каноп маҳсулотининг юртимиз шароитида қай даражада етиштирилиши, иқлим ва ер унумдорлиги масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Дастлаб Тошкент вилоятида 20 гектар, Сурхондарё вилоятида 5 гектар ва Қорақалпоғистон Республикасида 5 гектар майдонга синов тариқасида Кореядан келтирилган каноп уруғлари экилиб, ҳосилдорлик даражаси таҳлил қилинади. Муваффақиятли натижаларга эришилса, канопни республика бўйлаб кенг миқёсда етиштириш режалаштирилмоқда.
Муҳокамалар давомида канопдан олинган маҳсулотлар қаторини кенгайтириш масаласи ҳам муҳим ўрин тутди. Жумладан, канопдан ёғ ва биодизел ишлаб чиқариш имкониятлари кўриб чиқилди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, каноп ёғи ўзининг тиббиёт, косметика ва озиқ-овқат саноатидаги фойдали хусусиятлари билан ажралиб туради. Бундан ташқари, каноп ёғи экологик тоза ёқилғи — биодизел сифатида ҳам самарали ишлатилиши мумкин.
Тадбир якунида томонлар яқин фурсатларда каноп маҳсулотини кенг оммалаштириш ва ундан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар турларини кўпайтириш бўйича келишиб олдилар.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе