Қишлоқ хўжалиги соҳаси кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтида Корея Республикасининг гўшт саноати соҳасида фаолият юритувчи компаниялари вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда соҳада ҳамкорликни ривожлантириш ва мутахассислар тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Кореянинг Кореа Меат Мастер ташкилоти катта вице-президенти ва бош котиби Жеонг Гун Ҳо ҳамда ОРВИК Ко., Лтд компанияси бош директори Ҳа Донг Ук иштирок этди.
Тақдимот давомида мармар гўшт етиштириш технологияси, гўшт маҳсулотларини халқаро стандартлар асосида кесиш, ажратиш ва қадоқлаш усуллари ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, гўштни юқори қийматли қисмларга ажратиш орқали маҳсулотнинг бозор қийматини ошириш имкониятлари намойиш этилди.
Музокаралар чоғида мазкур йўналишда ўқув курсларини ташкил этиш, гўштни қайта ишлаш ва замонавий қассоблик технологиялари бўйича малакали мутахассислар тайёрлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати учун кадрлар тайёрлаш, амалий ўқув дастурларини жорий этиш ҳамда илғор хорижий тажрибани татбиқ этиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашдилар.









