Кореянинг Ўзбекистондаги КОПИА маркази директори доктор Ох Сунг Жонгнинг фаолияти якунига етди

Шу муносабат билан бугун Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказида Корея Республикасининг Ўзбекистондаги КОПИА маркази директори, доктор Ох Сунг Жонг билан учрашув ташкил этилди.
Тадбир давомида сўнгги уч йил мобайнида КОПИА маркази билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳалар ва уларнинг натижалари муҳокама қилинди. Томонлар қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилган илмий-тадқиқот ишлари ва инновацион дастурлар самарадорлигини таҳлил қилиб, келгуси истиқболли лойиҳалар юзасидан фикр алмашдилар.
– Биз сиз билан самарали ҳамкорлик қилдик. Сиз раҳбарлик қилган даврда ҳамкорлигимиз янги босқичга чиқди, айниқса, шоличиликни ривожлантиришда сезиларли натижаларга эришдик. Бу, албатта, соҳа илм-фанини ривожлантириш билан бирга, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга, – дея таъкидлади Шуҳрат Отажонов.
Ўз навбатида, доктор Ох Сунг Жонг самарали ҳамкорлик учун Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази раҳбариятига миннатдорлик билдириб, шундай деди:
– Эришилган натижаларимиз икки дўст давлат ўртасидаги ришталарни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, деган умиддаман. Мен одамлари самимий ва меҳнаткаш бўлган бетакрор юртда ҳаётимнинг бир қисми ўтганидан жуда мамнунман. Ўзбекистон доим менинг ширин хотираларимда яшайди.
Учрашув якунида КОПИА маркази ва Миллий марказ ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келгусидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе