Хабарингиз бор Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ҳамда тизим ташкилотларида "Коррупсияга қарши биргаликда курашамиз" шиори остидаги семинарлар, давра суҳбатлари ташкил қилиниб келмоқда.
Миллий марказ тизимидаги Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий-тадқиқот институтида ҳам навбатдаги давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда Чимбой тумани ИИБ Гужумли МФЙ профилактика инспектори, кичик лейтинант Тимур Жапанов, Чимбой тумани адлия бўлими маслаҳатчиси Абат Дастенов ва "Мадад" нодавлат нотижорат ташкилоти Чимбой тумани ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси Саламат Дауменовлар, институт меҳнат жамоаси ва ходимлари фаол иштирок этишди.
Давра суҳбати аввалида институт ҳуқуқшуноси Ақилбек Жумабаев маиший коррупсия ва унинг турлари, кундалик ҳаётда, фуқароларнинг давлат хизматлари билан ўзаро муносабатида вужудга келадиган порахўрлик, коррупсия давлат бошқаруви самарадорлигини пасайтирувчи, адолат тамойилларини емирувчи асосий тўсиқ бўлиши ва Ўзбекистон Республикасида коррупсияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, институтда коррупсиявий хавфларни олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ички назорат механизмларига ҳам тўхталиб ўтди.
Соҳа мутахассислари Чимбой тумани ИИБ Гужимли МФЙ профилактика инспектори, кичик лейтенант Тимур Жапанов, Чимбой тумани адлия бўлими маслаҳатчиси Абат Дастенов ва "Мадад" нодавлат нотижорат ташкилоти Чимбой тумани ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси Саламат Дауменовлар ҳам сўзга чиқиб коррупсияга қарши курашиш борасидаги назарий ҳамда амалий жараёнлар ва уни олдини олиш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида ва Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган жавобгарлик чоралари, хусусан, жиноий ва маъмурий жавобгарликлар тўғрисида батафсил маълумот беришди.
Суҳбат якунида иштирокчилар соҳа мутахассисларидан коррупсиянинг олдини олиш, уни ҳуқуқий тартибга солиш ва жавобгарлик масалалари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга тўлақонли жавоб олдилар.




