Сайт синов режимида ишламоқда: материаллар ва таржималар ҳали тўлдирилмоқда.
Шрифт:
Ранг:
Маҳсулотлар
Сайт харитаси Кириш
Gerb
Янгиликлар

Краснодарда селексия ва уруғчилик масалаларига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди

Краснодарда селексия ва уруғчилик масалаларига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди

Россия Федерациясининг Краснодар шаҳрида машҳур селексионер олим, академик Павел Пантелеймонович Лукяненко таваллудининг 125 йиллиги муносабати билан “Дала куни – 2026” халқаро илмий-амалий анжумани ташкил этилди. Унда селексия ва уруғчилик соҳасининг бугунги ҳолати ҳамда истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.

350 нафардан ортиқ олим ва мутахассис иштирок этган илмий анжуманда Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти директори, профессор Бунёд Мамараҳимов бошчилигидаги делегация ҳам қатнашди.

Анжуман доирасида қишлоқ хўжалиги экинлари селексияси ва уруғчилиги соҳасида эришилаётган илмий ютуқлар, янги юқори ҳосилли навларни яратиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Тадбирда Лалмикор деҳқончилик илмий тадқиқот институти директори Бунёд Мамараҳимов ҳам сўзга чиқиб Республикамизда қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, соҳада эришилган ютуқлар хусусида маълумот берди. Шунингдек иштирокчилар тажриба майдонларида намойиш этилган буғдой, тритикале, арпа, сули, мойли ва дуккакли экинларнинг янги навлари билан танишдилар.

Тадбир доирасида ўтказилган учрашув ва музокараларда халқаро илмий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма тадқиқотларни амалга ошириш, навлар алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда уруғчилик тизимини такомиллаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон делегацияси томонидан мамлакатимизда аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, селексия ва уруғчилик йўналишида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар ҳамда соҳани ривожлантириш бўйича амалий ишлар ҳақида маълумот берилди.

Анжуман якунида Россия Миллий дон маркази, Бутун Россия мойли экинлар илмий-тадқиқот институти ва Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашга қаратилган келишувларга эришилди. Мазкур келишувлар навлар алмашинуви, қўшма илмий лойиҳалар ва тажриба-синов ишларини ташкил этиш орқали аграр илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.

Хатони маъмуриятга юбориш
Раҳмат! Хабарингиз юборилди.