Сайт синов режимида ишламоқда: материаллар ва таржималар ҳали тўлдирилмоқда.
Шрифт:
Ранг:
Маҳсулотлар
Сайт харитаси Кириш
Gerb

КУНГАБОҚАР — ДАРОМАДЛИ ЭКИН

КУНГАБОҚАР — ДАРОМАДЛИ ЭКИН
Кунгабоқар – мураккабгулдошлар оиласига мансуб бир йиллик ўсимлик, асосий мойли экинлардан бири. Ватани – Шимолий Америка. Ёввойи ҳолда ўсадиган кунгабоқарни испанлар Европага 1510-йилда келтирган. Дастлаб манзарали ўсимлик сифатида экилган. Илдизи ўқ илдиз, яхши ривожланган, пояси тик ўсади, дағал, юқори қисми шохланади, бўйи 4 м гача боради. Барги оддий, йирик, кетма-кет жойлашган, дағал туклар билан қопланган. Тўпгули саватча (диаметри 35–40 см) кўринишида бўлади. Саватча марказидаги гуллар ёйсимон, икки жинсли, четдагилари қизғиш-сариқ, тилсимон бўлади. Четдан чангланади. Меваси – писта, 4 қиррали, ранги оқ, кулранг, қора тусда бўлади. Кунгабоқар уруғининг катталигига, мойининг миқдорига ва мағзининг чиқишига қараб 3 гуруҳга бўлинади: Мойли кунгабоқар – пистаси майда, 1000 донасининг вазни 35–80 г, мағзи таркибида 53–63% мой бор. Чақиладиган кунгабоқар – пистаси йирик, 1000 донасининг вазни 100–170 г, мағзининг таркибида 20–35% мой бўлади, поясидан силос ҳам бостирилади. Оралиқ кунгабоқар – ҳамма кўрсаткичлари ўртача бўлади. Кунгабоқар уруғи 4–6°К ҳароратда 10–15 кунда униб чиқади. Майсаси – 6°К совуққа бардошли. Иссиқликка талабчан, ёруғсевар, қисқа кунли, қурғоқчиликка чидамли ўсимлик. Соя жойда яхши ривожланмайди. Ўсув даври 80–140 кун бўлади. Озуқага талабчан, 1 тонна писта ва поябарг ҳосил қилиши учун 50–60 кг азот, 20–25 кг фосфор, 120–160 кг калий талаб қилади. Кунгабоқардан, асосан, овқатга ишлатиладиган кунгабоқар мойи олинади. Силосбоп навларидан силос бостирилади, чиқиндиларидан шрот олинади. Кунжарасидан чорва молларига юқори сифатли озуқа ўрнида фойдаланилади. Кунгабоқар эрта баҳорда тупроқ ҳарорати 8–12°К га етганда ва такрорий экин сифатида кузги буғдой ва арпадан кейин экилади. Экишдан олдин ер текисланади. Ер ҳайдашдан олдин гектарига 20 т гўнг, азотли, фосфорли ва калийли ўғитлар солинади. Экиш учун маҳаллийлаштирилган навлар уруғи кенг қаторлаб ва пунктир усулда 5–8 см чуқурликда экилади. Суғориладиган майдонларда кўчат қалинлиги гектарига 60 минг туп бўлиши лозим. Уруғлик сарфи гектарига писта учун 5–8 кг, силос учун 35–40 кг бўлиши керак. Кунгабоқар уруғи экишдан олдин зараркунанда ва касалликларга қарши дориланади. Экишда маккажўхори экиладиган сеялкалардан фойдаланилади. Ўсув даврида қатор ораси 2–3 марта култивация қилинади, 5–6 марта суғорилади. Гуллаш даврида экинзорда асалари уялари қўйилса кунгабоқар гуллари яхши чангланади. Гуллаш даврида кўп сув талаб қилади. Суғориш меъёри гектарига 600–800 м3. Кунгабоқарнинг етилганлигини саватининг сариқ-жигаррангга кирганлигига қараб аниқлаш мумкин. Ҳосил дон комбайнларида махсус мослама билан ўриб олинади. Навлари: Ўзбекистонда "ВНИ-ИМК 8931", "Чкалов гиганти" навлари экилади. Зараркунандалари: симқуртлар, сохта симқуртлар, кунгабоқар капалаги, кемирувчи тунламлар ва бошқалар. Касалликлари: оқ чириш, кулранг чириш ва бошқалар, бегона ўтлардан шумғия жуда зарарлидир. Бизнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларимиз! WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |Ёутубе

Манбани Telegramда очиш

Хатони маъмуриятга юбориш
Раҳмат! Хабарингиз юборилди.