


Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Қозоғистон Республикасининг Красноводопад қишлоқ хўжалиги илмий-тажриба стансияси ўртасида илмий ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Ҳамкорликнинг асосий мақсади — қурғоқчил минтақаларда илмий изланишларни кучайтириш, ўзаро тажриба алмашиш ва инновацион ишланмаларни татбиқ этишдан иборат.
Шу муносабат билан томонлар ўртасида меморандум имзоланди. Унга кўра, ҳамкорликда лалми минтақаларда бошоқли, дуккакли дон, ем-хашак ва мойли экинларнинг янги нав намуналари синовдан ўтказилади, қишлоқ хўжалиги бўйича қўшма тадқиқотлар амалга оширилади ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўналишларида ишлар олиб борилади.
Шунингдек, Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институти ва Красноводопад қишлоқ хўжалиги илмий-тажриба стансияси томонидан яратилган навларни икки давлатнинг нам ва ярим нам ҳудудларида экологик нав синовларини ўтказиш бўйича келишувга ҳам эришилди.
