Лалмикор ерларда яратилган янги навлар ва агротехнологиялар намойиш этилди

Лалмикор деҳқончилик илмий-тадқиқот институтида “Лалмикор ерларда бошоқли ва дуккакли дон, ем-хашак, мойли ҳамда полиз экинлари селексияси, уруғчилиги ва етиштиришнинг инновацион агротехнологиялари” мавзусидаги илмий-амалий семинар — “Дала куни” тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда лалмикор деҳқончиликни ривожлантириш, экинлар ҳосилдорлигини ошириш, замонавий агротехнологияларни амалиётга кенг жорий этиш ҳамда уруғчилик тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Семинар давомида институт директори, профессор Бунёд Мамараҳимов жорий йилда илмий муассасанинг қарийб 1500 гектар тажриба майдонларида лалмикор экин турларининг институт олимлари томонидан яратилган навлари, шунингдек, халқаро ҳамкорлик доирасида хориждан келтирилиб ўрганилган нав ва намуналар юқори ҳосилдорлик кўрсатганини таъкидлади.
Шундан сўнг семинар иштирокчиларига илмий муассасанинг тажриба майдонларида парвариш қилинаётган бошоқли ва дуккакли дон экинлари, ем-хашак ҳамда мойли экинларининг янги ва истиқболли навлари намойиш этилди. Иштирокчилар лалмикор шароит учун ишлаб чиқилган инновацион агротехнологиялар ҳамда илғор агротехник тадбирлар билан ҳам яқиндан танишдилар.
Семинарда қатнашган фермерлар олимлар томонидан яратилган ресурстежамкор ва ҳосилдор навларни ўз фермер хўжаликларида амалиётга жорий этишни мақсад қилганликларини билдирдилар.
Тадбир илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, лалмикор ерлардан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни оширишга хизмат қиладиган муҳим майдон бўлди.
Семинар жараёнлари билан юқоридаги видеоролик орқали танишишингиз мумкин.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларини кузатиб боринг.
WЕБ | Телеграм | Инстаграм | Факебоок | Ёутубе