Маҳорат_дарси

Ёш олимларга халқаро тажриба ва инновациялар сари йўл
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказида ёш олимлар ва докторантлар учун инновацион фаолиятга оид амалий семинар ташкил этилди. Тадбирда Инновацион ривожланиш агентлигининг Илмий стажировкалар ва лаборатория ускуналари харид қилиш бўлими бош мутахассиси Тойиржон Кабашев иштирокчиларга халқаро стажировкалар тартиб-қоидаларини тушунтирди.
Тойиржон Кабашев ўз чиқишида стажировкага юбориладиган номзодларга қўйиладиган асосий талабларни батафсил баён қилди. Унга кўра, стажировкага ёши 20 дан 40 гача бўлган, мутахассислик фани ва хорижий тилларни ўз иш фаолиятини амалга оширишда зарур даражада биладиган мутахассислар юборилади. Шунингдек, бир йил давомида бир номзод икки марта етакчи хорижий илмий ташкилотларда стажировка ўташ имкониятига эга бўлмайди.
Тойиржон Кабашев танловларда ғолиб бўлган номзодлар стажировкадан қайтгач ва ҳисоботларини тақдим этгач, навбатдаги йилда яна танловларда қатнашиш имкониятига эга бўлишларини ҳам таъкидлади. Бу талаблар халқаро стажировкалар тизимининг шаффофлигини ва ёш олимларга тенг имкониятлар яратишни таъминлашга қаратилган.
Семинар давомида иштирокчиларга замонавий лаборатория жиҳозларини танлаш, илмий изланишларнинг самарадорлигини ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда инновацион технологиялардан фойдаланиш бўйича қимматли тавсиялар берилди. Иштирокчилар хорижий илмий муассасалар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро лойиҳаларда қатнашиш ва ўз илмий фаолиятларини ривожлантириш учун зарур билим ва кўникмаларни олдилар.
Тадбир якунида ёш олимлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар, илмий фаолиятни самарали ташкил этиш, инновацион ғояларни амалиётга татбиқ этиш бўйича фойдали маслаҳатлар билан бойидилар.
Янгиликлардан хабардор бўлиб, агротехнологиядаги сўнгги ютуқларни биз билан кузатиб боринг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе