Муҳокама

Илм-фанга сармоя: Янги грантлар, замонавий лабораториялар ва яшил энергия
Бугун Миллий марказда илмий-тадқиқот муассасалари учун инвестиция ва грантларни жалб қилиш масалалари муҳокама қилинган кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишга Миллий марказ директори Шуҳрат Отажонов раҳбарлик қилди.
Тошкент вилоятида жойлашган илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари йиғилишда шахсан иштирок этган бўлса, вилоятлардаги муассасалар раҳбарлари Зоом платформаси орқали онлайн иштирок этди. Илк тақдимотни Пахта селексияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти директори, академик Шодмон Намозов бошлаб берди. Шундан сўнг, бошқа илмий муассасаларнинг режалар ва ташаббуслари муҳокама қилинди.
Катта маблағлар, катта режалар
⏳ 2025 йил учун инвестиция ва грантлар жалб қилиш бўйича 5 миллион долларлик режа белгилан. Тақдимотлардан кўриниб турибдики, Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институтидан бошқа илмий муассасалар ушбу режадан 50 фоизга тенг бўлган инвестиция ва грантлар бўйича халқаро лойиҳаларни шакллантирган.
Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти жорий йил учун 7 миллион доллардан зиёд инвестиция пакети шакллантирганини эътироф этилди. Бу кўрсаткич нафақат институтнинг, балки миллий илмий-тадқиқот тизимининг халқаро майдондаги нуфузини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Яшил энергияга йўналтирилган инвестиция
Йиғилишда ушбу институт директори Рустам Низомовнинг Халқаро илмий-техник дастур доирасида 2025 йилда Тошкент илмий-тажриба стансияси ҳудудига Франсиянинг “Волталиа Агро” компанияси томонидан 900 минг АҚШ доллари қийматидаги инвестиция маблағлари ҳисобидан 500 кВтлик қуёш панеллари ўрнатиш бўйича режаси йиғилиш иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Ушбу лойиҳа энергия тежаш ва илмий-тадқиқот жараёнларини экологик тоза манбалар билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.
Замонавий лабораториялар ва халқаро ҳамкорлик
Миллий марказ директори Шуҳрат Отажонов ўз сўзида илмий муассасалар учун инвестициялар ва грантларни жалб қилиш илмий фаолиятни такомиллаштиришини таъкидлади. Шунингдек, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш дастури доирасида ажратилаётган Жаҳон банки маблағларини ўзлаштириш, илмий фаолиятни такомиллаштириш учун замонавий лабораториялар харид қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш кераклигини билдирди.
Йиғилиш давомида инновацион лойиҳалар, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва грантлар жалб қилиш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди. Илмий муассасаларининг молиявий барқарорлигини таъминлаш ва уларнинг салоҳиятини яна-да ошириш мақсадида аниқ йўл харитаси ишлаб чиқишга қарор қилинди. Йиғилиш якунида тегишли топшириқлар берилди ва илмий муассасаларга грантлар жалб қилиш фаолиятини яна-да жадаллаштириш бўйича тавсиялар берилди.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе