“Долзарб 30 кун” ташаббуси доирасида республикамизнинг барча ҳудудларида ғўза парваришига бағишланган амалий дала семинарлари изчил давом этмоқда. Навбатдаги амалий семинар Андижон вилоятининг Хўжаобод туманидаги "Эгам ота сулоласи" фермер хўжалигида бўлиб ўтди.
Тадбирда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази бўлим бошлиғи, профессор Икромжон Қорабоев, Пахта селексияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири, профессор Феруза Ҳасанова, вилоят агрохизматлар маркази мутахассислари ҳамда фермерлар иштирок этди.
Семинар давомида ғўзанинг июл–август ойларидаги ривожланиш босқичида кечиктириб бўлмайдиган агротехник тадбирлар юзасидан амалий тавсиялар берилди. Хусусан, ғўзанинг гуллаш ва кўсаклаш даврида бор, темир, рух, марганец каби микроелементлар билан баргдан озиқлантириш, суғориш ва озиқлантириш ишларини илмий асосда ташкил этиш, зараркунанда ва касалликларга қарши кураш чораларини ўз вақтида амалга оширишнинг аҳамияти батафсил тушунтирилди. Шунингдек, ғўзанинг ортиқча вегетатив ўсишини чеклаш мақсадида механик чеканка ўтказиш, ривожланиш ҳолатига қараб ўсишни бошқарувчи препаратларни қўллаш, кўсакларнинг пишиб етилишини жадаллаштириш ҳамда дефолиация ишларини белгиланган муддатларда ўтказиш бўйича илмий тавсиялар берилди.
Тадбир якунида фермерларнинг саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоб берилди. Шунингдек, ғўза майдонларида агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, илмий тавсияларга қатъий амал қилиш юқори ва сифатли ҳосил етиштиришнинг энг муҳим омили экани алоҳида таъкидланди.



