Оқдарёдаги пахта далаларида жиддий камчиликлар аниқланди

Самарқанд вилоятига ишчи ташрифим давомида Оқдарё туманидаги "Кумушкент" ММТП таркибидаги "Бештерак лочин" фермер хўжалиги ҳамда "Зарафшон" ММТП таркибидаги "Акбар Қурбонов" фермер хўжалигининг пахта майдонларини жойига чиқиб кўздан кечирдим.
Ўрганишлар давомида далаларда бир қатор жиддий камчиликларни аниқладим. Хусусан, майдонларда бегона ўтлар кенг тарқалганини, агротехник тадбирлар белгиланган муддатларда ва илмий тавсиялар асосида олиб борилмаганини, натижада экинларда ўргимчак кана зараркунандаси кенг ёйилганини кузатдим. Бу ҳолат ҳосилдорликка жиддий хавф туғдираётганини алоҳида қайд этдим.
Бундай масъулияцизлик ва лоқайдлик ҳосилдорликни ошириш ҳамда замонавий агротехнологияларни жорий этиш учун барча шароитлар яратилаётган бир пайтда, далаларда энг оддий агротехник талабларга риоя этилмаслиги мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат.
Шунингдек, пахта майдонларини ўз вақтида парвариш қилмаслик, зараркунандаларга қарши кураш чораларини кечиктириш ва назоратнинг сустлиги нафақат битта хўжалик, балки бутун ҳудуддаги ҳосил тақдирига салбий таъсир кўрсатишини алоҳида қайд этдим.
Аниқланган камчиликлар бўйича ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаган масъуллар ҳамда назоратга масъул шахсларга нисбатан амалдаги қонунчилик асосида қатъий чоралар кўрилишини белгиладим. Айрим ҳолатларда шу жойнинг ўзида интизомий чоралар ҳам қўлладим.
Албатта, қишлоқ хўжалигида натижа фақат уруғ экиш билан эмас, балки ҳар бир агротехник тадбирни ўз вақтида ва илмий асосда бажариш орқали эришилади. Ҳар бир кечикиш ва эътиборсизлик охир-оқибат ҳосилнинг камайиши ва иқтисодий зарарга олиб келади.
Шу боис барча ҳудудларда пахта парвариши, зараркунандаларга қарши кураш ҳамда агротехник тадбирлар ижроси устидан назоратни янада кучайтириш, масъуллардан эса шахсий жавобгарликни ошириш зарурлигини яна бир бор таъкидладим.