Сайт синов режимида ишламоқда: материаллар ва таржималар ҳали тўлдирилмоқда.
Шрифт:
Ранг:
Маҳсулотлар
Сайт харитаси Кириш
Gerb
Янгиликлар

Ўзбекистон делегацияси Халқаро пахта маслаҳат қўмитаси (ИКАК) йиғилишида фаол иштирок этмоқда

Ўзбекистон делегацияси Халқаро пахта маслаҳат қўмитаси (ИКАК) йиғилишида фаол иштирок этмоқда

Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори, академик Шодмон Намозов бошчилигидаги делегация вакиллари Германиянинг Бремен шаҳрида бўлиб ўтаётган "Халқаро пахта маслаҳат қўмитаси (ИКАК)" нинг 83-Пленар йиғилишида фаол иштирок этмоқда.

Пленарнинг иккинчи кунида бўлиб ўтган тўртинчи очиқ сессияда инновацияларни рағбатлантирувчи ҳамда глобал рақобатбардошликни оширувчи миллий тўқимачилик масалалари кенг муҳокама қилинди.

Сессия давомида турли давлатларнинг тўқимачилик саноатини модернизация қилиш, юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда глобал қиймат занжирларида мустаҳкам ўрин эгаллашга қаратилган стратегиялари тақдим этилди.

Мазкур муҳокамаларда Ўзбекистон делегацияси номидан Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Толали экинлар илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари Мансур Мўминов “Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг ривожи” мавзусидаги маърузаси билан қатнашиб, пахта хомашёсини чуқур қайта ишлаш даражасини ошириш, замонавий тўқимачилик кластерларини ривожлантириш, экспортбоп тайёр маҳсулотлар улушини кўпайтириш, соҳада инновацион технологияларни жорий этиш, янги иш ўринларини яратиш ва инвестицияларни жалб қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ва истиқболдаги режалар ҳақида батафсил маълумот берди.

Йиғилишнинг ёпиқ мажлисида ИКАК аъзоси, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори, академик Шодмон Намозов сўзга чиқиб, ўз нутқида соҳани барқарор ривожлантириш, илм-фан ва инновацияларни янада кенг жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Ёпиқ мажлис доирасида 2027-йилда муҳокама қилиниши режалаштирилган муҳим йўналишлар илгари сурилди. Улар орасида энг кўп овоз билан қуйидаги “Иқлим ўзгаришига мос ғўза навлари селексиясидаги муаммолар ва ечимлар” мавзуси танлаб олинди

Шунингдек, йиғилишда иштирок этган халқаро тўқимачилик соҳаси мутахассислари Ўзбекистонда 2026-йил 3–15-май кунлари ўтказилиши режалаштирилган “Ўзбекистон тўқимачилик кўргазмаси – Йигирув 2026” халқаро форумида қатнашишга катта қизиқиш билдирдилар.

Ушбу иштирок Ўзбекистоннинг глобал тўқимачилик бозоридаги мавқеини мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда инновацион ривожланишни жадаллаштириш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

Хатони маъмуриятга юбориш
Раҳмат! Хабарингиз юборилди.