Ўзбекистон-Германия экспертлар мулоқоти дастури ҳамкорлиги муҳокама қилинди

Бугун Шоличилик илмий-тадқиқот институти ҳамда Иқлим ўзгарувчанлигига чидамли ем-хашак экинларини синовдан ўтказиш ва танлаш, ҳамда уруғчилигини такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон-Германия экспертлар мулоқоти дастури ҳамкорлигида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.
Семинарни Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Шодмон Намозов кириш сўзи билан очиб берди. У ўз нутқида бугунги глобаллашув шароитида иқлим ўзгаришлари ва сув ресурсларининг танқислиги каби муаммолар қишлоқ хўжалиги олдида турган долзарб вазифалардан эканлигини таъкидлади.
"Институтда амалга оширилаётган халқаро ҳамкорлик, айниқса Германия тажрибасини жорий этиш, инновацион ғоялар ва илмий ютуқларни амалиётга тезкор татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади. Бу янги технологиялар орқали юртимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, тупроқ унумдорлигини таъминлаш ва аграр соҳа самарадорлигини оширишга хизмат қилади," – деди Шодмон Намозов.
Шундан сўнг, Ўзбекистон-Германия дастури иштирокчиси Чўлпоной Қашқабоева сўзга чиқиб Ўзбекистон тупроқ-иқлим шароитида ўтказилган синов натижалари, шунингдек, сидерат экинининг аҳамияти ва уни етиштириш бўйича эришилган дастлабки тажрибалар ҳақида батафсил маълумот берди.
У ўз чиқишида "Ўтказилган тажрибаларимиз шуни кўрсатдики, сидерат экинлари тупроқ унумдорлигини табиий йўл билан ошириш, унинг структурасини яхшилаш ва экинларни органик моддалар билан бойитишда ғоят катта рол ўйнайди. Бу ўз навбатида минерал ўғитларга бўлган талабни камайтириб, деҳқонларнинг харажатларини қисқартиришга ёрдам беради" дея таъкидлади.
Дастур раҳбари Антон Ван Энгелен тадбир иштирокчиларига лойиҳанинг халқаро стандартларга мувофиқлиги ва Ўзбекистондаги тадқиқотларнинг истиқболи ҳақида ўз фикирларини баён этди. -"Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини "яшил" ва иқлимга чидамли технологиялар асосида ривожлантириш учун катта салоҳиятга эга. Германия тажрибаси ва инновацион ёндашувларни ўзлаштириш орқали, айниқса ем-хашак экинларини танлаш ва уруғчиликни такомиллаштириш соҳасида қисқа муддатда сезиларли иқтисодий ва экологик самарага эришиш мумкин. Биз бу борада ўзбекистонлик ҳамкорларимизга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрмиз,"- деди ўз нутқида.
Тадбирнинг энг муҳим ва амалий қисми институтнинг тажриба далаларида давом этди. Иштирокчилар далада экилган сидерат экинининг ўсиб ривожланиши, уни парваришлаш усуллари ва тупроққа таъсири билан бевосита танишдилар. Бу ерда мутахассислар тажриба участкаларини кўздан кечириб, сидерат экинининг экологик ва агротехник афзалликлари юзасидан атрофлича фикр алмашдилар.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларини кузатиб боринг.
Wеб | Телеграм | Факебоок | Инстаграм