






Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказида Ўзбекистон ва Корея ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Марказ директори ўринбосари Ойбек Омонов ва Кореа Рурал Экономик Институти (КРЕИ) делегацияси раҳбари Кюми Аҳн хоним иштирок этиб, икки томонлама ҳамкорлик алоқаларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Суҳбат давомида қишлоқ хўжалиги ерларини ахборот тизимини яратиш ва бошқариш, маълумотларни йиғиш ҳамда мониторинг қилиш, улардан самарали фойдаланишга йўналтириш масалалари алоҳида кўриб чиқилди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги экинларида учрайдиган зараркунандаларни башорат қилиш моделларини ишлаб чиқиш, уларни ахборот платформалари билан боғлаш ҳамда амалдаги тизимларни такомиллаштириш борасида фикр алмашилди.
Томонлар Ўзбекистон ва Корея ўртасида шоличилик, мева-сабзавотчилик, кадрлар малакасини ошириш ва аграр соҳада илмий-инновацион лойиҳаларни амалга ошириш йўналишида ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганини таъкидладилар. Шунингдек, Корея билан ҳамкорликда олиб борилаётган лойиҳаларнинг натижалари баҳоланиб, келгусида уларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича режалар белгиланди.
Мазкур учрашув Ўзбекистон-Корея қишлоқ хўжалиги соҳасидаги стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва замонавий инновацион ёндашувларни амалиётга жорий этишда муҳим қадамлардан бири бўлди.
