Сайт синов режимида ишламоқда: материаллар ва таржималар ҳали тўлдирилмоқда.
Шрифт:
Ранг:
Маҳсулотлар
Сайт харитаси Кириш
Gerb
Янгиликлар

Ўзбекистон ва Қозоғистон: Боғдорчиликда стратегик ҳамкорликнинг янги босқичи

Ўзбекистон ва Қозоғистон: Боғдорчиликда стратегик ҳамкорликнинг янги босқичи

Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилояти делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида академик М. Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтида юқори савияда расмий учрашувлар ҳамда амалий танишувлар ташкил этилди.

Делегацияни кутиб олиш маросими тантанали ва самимий руҳда ўтказилиб, унда институт директори Фахриддин Деҳқонович Киргизбоев меҳмонларни илиқ қаршилар экан, ташрифнинг мазмун-моҳияти ва истиқболдаги ҳамкорлик имкониятлари ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Институт директори ўз нутқида бугунги кунда илм-фан ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш ҳамда инновацияларни жорий этиш орқали аграр соҳада юқори самарадорликка эришиш нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун долзарб вазифа эканини алоҳида таъкидлади.

Ташриф давомида асосий эътибор институтда олиб борилаётган илмий изланишлар, селексия ютуқлари ҳамда мевали ва узум экинлари учун илғор кўчат етиштириш технологияларини чуқур ўрганишга қаратилди. Шу билан бирга, мутахассислар ўртасида тажриба алмашинуви йўлга қўйилиб, замонавий агротехник ёндашувлар юзасидан сермазмун муҳокамалар ўтказилди.

Шунингдек, кўчат етиштиришнинг амалий жараёнлари кенг ёритилиб, замонавий ёндашувлар асосида кўчат парвариши ва юқори сифатли маҳсулот тайёрлаш босқичлари намойиш этилди. Жараёнда ресурс тежамкор технологияларни қўллаш, сув ва ўғитлардан самарали фойдаланиш ҳамда экспортбоп маҳсулот етиштириш масалалари устувор йўналиш сифатида кўрсатилди.

Мулоқотлар давомида институт олимлари томонидан олиб борилаётган тадқиқотларнинг амалий натижалари тақдим этилиб, делегация вакиллари билан очиқ фикр алмашинуви ташкил этилди. Бу эса томонлар ўртасида ўзаро ишончни мустаҳкамлаш ва истиқболли ҳамкорлик йўналишларини аниқ белгилашга хизмат қилди.

Бундан ташқари, делегация вакиллари билан Тошкент илмий-тажриба стансияси ҳудудидаги бинода расмий учрашув ҳам ташкил этилди. Унда институт фаолияти, бой тажрибаси ва кўп йиллик илмий ютуқлари юзасидан батафсил тақдимот ўтказилди. Шунингдек, эришилган натижалар, амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда келгусидаги ривожланиш режалари ҳақида атрофлича маълумот берилиб, томонлар ўртасида очиқ ва мазмунли мулоқот бўлиб ўтди.

Ташриф доирасида делегация аъзолари стансия ҳудудида етиштирилаётган пайвандтаглар билан яқиндан таништирилиб, уларни етиштириш, парваришлаш ҳамда кейинги босқичларга тайёрлаш жараёнлари амалий тарзда кўрсатиб берилди. Шу билан бирга, стансиядаги интенсив боғлар ҳолати, экинларнинг ривожланиш даражаси ва қўлланилаётган агротехник ёндашувлар ҳам батафсил намойиш этилди. Мутахассислар томонидан пайвандтагларнинг сифат кўрсаткичлари, агротехник талаблари, иқлим шароитига мослашуви ҳамда самарали етиштириш усуллари юзасидан кенг қамровли тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, қулупнай етиштиришга ихтисослашган иссиқхона фаолияти билан таништирилиб, унда очиқ ва ёпиқ муҳит шароитларида етиштириш технологияларининг ўзига хос жиҳатлари, фарқлари ва афзалликлари стансия ходимлари томонидан атрофлича изоҳланди. Амалий мисоллар асосида олиб борилган ушбу танишув делегация вакилларига замонавий етиштириш усуллари, ресурслардан самарали фойдаланиш ва ҳосилдорликни ошириш йўллари ҳақида аниқ ва кенг тасаввур берди.

Ушбу ташриф илмий-амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва аграр соҳада самарадорликни оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Илм ва амалиёт уйғунлиги — барқарор тараққиётнинг мустаҳкам пойдеворидир!

Хатони маъмуриятга юбориш
Раҳмат! Хабарингиз юборилди.