Ўзбекистон–Корея: аграр соҳа илмидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги дўстона алоқалар изчил ривожланиб бормоқда. Айниқса, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилмоқда.
Бугун Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази раҳбарияти билан Корея Республикасининг Ўзбекистондаги КОПИА маркази директори, доктор Ким Жае Ҳюн ўртасида бўлиб ўтган учрашувда бу яна бир бор таъкидланди. Суҳбат давомида томонлар ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди, қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш масалаларига эътибор қаратилди.
Учрашув якунида доктор Ким Жае Ҳюн Корея Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш маъмурияти (РДА) Технологик ҳамкорлик бошқармаси директори, доктор Ҳwанг-Ёнг Ким номидан йўлланган расмий табрикномани академик Шодмон Намозовга тантанали равишда топширди.
Ушбу табрикномада академик Шодмон Намозовнинг Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори лавозимига тайинлангани муносабати билан самимий ва илиқ тилаклар изҳор этилган. Шу билан бирга, РДА ва Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ўртасидаги дўстона ва самарали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга ишонч билдирилган, шунингдек, кўрсатилаётган доимий қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик изҳор қилинган.
Ўз навбатида, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори, академик Шодмон Намозов ҳам ўз миннатдорчилигини билдирар экан, аграр соҳа илмий ривожида Корея Республикаси билан амалга оширилаётган ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга тайёр эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, икки давлат ўртасидаги амалий ҳамкорлик қишлоқ хўжалигида замонавий технологиялар ва билимларни жорий этиш орқали фермерлар ва мутахассисларнинг салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе