Ўзбекистон–Красноярск ўлкаси олимлари ўртасида аграр соҳада илмий алоқаларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди

Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директори Шодмон Намазов ва Россия Федерациясининг Красноярск ўлкаси қишлоқ хўжалиги вазири Дмитрий Воропаев бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Шунингдек учрашувда, “Развития Енисейской Сибири" корпорацияси бош директори Наталя Абрамова ҳам иштирок этди.
Учрашув аввалида Ш.Намазов делегация вакилларига Миллий марказ фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берди.
Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Красноярск ўлкаси ўртасида аграр илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган бир қатор масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, шоли, дон, картошка ва дуккакли экинлар бўйича илмий тадқиқотларни ривожлантириш, икки ҳудуд иқлимига мос келувчи технологияларни жорий этиш, аграр таълим ва малака ошириш йўналишида қўшма илмий дастурлар ташкил этиш, замонавий суғориш технологияларини татбиқ этиш каби йўналишларда ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, икки томон ўртасида илмий ахборот алмашинуви ва ўзаро экспертлар алмашинуви масалалари бўйича ҳам фикр алмашилди.
Учрашув якунида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази ва “Развития Енисейской Сибири" корпорацияси ўртасида аграр илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган икки томонлама меморандум имзоланди.
Томонлар меморандумда белгиланган вазифаларнинг амалий ижросини таъминлаш ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олдилар.
Мазкур учрашув ҳар икки томон учун стратегик аҳамиятга эга бўлиб, келгусида аграр илм-фан соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам замин яратади.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларини кузатиб боринг.
WЕБ | Телеграм | Инстаграм | Факебоок | Ёутубе