Ўзбекистонлик мутахассислар Кореяда “Ақлли иссиқхона” технологиялари бўйича тренингларда иштирок этмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-йил 14-июлдаги ПҚ–321-сон қарорига мувофиқ, Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги, КОАМИ, КИАТ, КАМТИК илғор мехатроника технологиялари институти ҳамда “Агро Солутион Кореа” компанияси ҳамкорлигида “Ақлли қишлоқ хўжалиги” саноат технологиялари инновацион маркази лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида икки қаватли лаборатория ва маъмурий бино, ишлаб чиқариш мажмуаси, тажриба хўжалиги — “Ақлли иссиқхона” ҳамда ёрдамчи иншоотлар барпо этилди.
Шунингдек, ҳар бири 0,20 гектардан иборат замонавий иссиқхона хўжаликлари ташкил этилмоқда. 2024 йилда Тошкент ва Самарқанд вилоятларида, 2025 йилда эса Хоразм, Фарғона ва Бухоро вилоятларида қурилиш ишлари якунланди.
Айни пайтда лойиҳа доирасида маҳаллий мутахассислар Корея Республикасида малака ошириш тренингларида иштирок этмоқда. Машғулотлар “Ақлли иссиқхоналар”да қўлланиладиган рақамли технологиялар (ИТ) ва Смарт Фарм тизимларидан самарали фойдаланиш йўналишларини қамраб олган.
Ўқув жараёнларида иштирокчиларга махсус электрон қурилмалар, видеокузатув тизимлари, тупроқ таркиби, намлик ва ҳароратни аниқловчи сенсорлардан фойдаланиш, уларни иссиқхона қувватига мос равишда жойлаштириш ҳамда ҳисоб-китоб қилиш тартиблари ўргатилмоқда.
Шу билан бирга, маълумотлар базасини шакллантириш, мониторинг олиб бориш ҳамда “Ақлли иссиқхона”ларни бошқаришда қўлланиладиган дастурлаш тиллари бўйича назарий ва амалий машғулотлар ташкил этилди.
Мазкур тренинглар юртимизда “Смарт Фарм” технологияларини кенг жорий этиш, инновацион марказ фаолиятини самарали ташкил қилиш ҳамда юқори малакали мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларини кузатиб боринг.
WЕБ | Телеграм | Инстаграм | Факебоок | Ёутубе