Сайт синов режимида ишламоқда: материаллар ва таржималар ҳали тўлдирилмоқда.
Шрифт:
Ранг:
Маҳсулотлар
Сайт харитаси Кириш
Gerb

Ўзбекистон–Тожикистон: 50 гектарлик ғўза майдонларида ҳосилдорлик сари муҳим қадамлар

Ўзбекистон–Тожикистон: 50 гектарлик ғўза майдонларида ҳосилдорлик сари муҳим қадамлар
Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорлигида Тожикистон ҳудудида етиштирилаётган ғўза майдонлари бу сафар “қоғоздаги ҳисобот” эмас, балки бевосита даланинг ўзида — чанги, иссиғи ва яшил қаторлари орасида ўрганилди. Мутахассислар экинларнинг ҳолатини жойида кўздан кечириб, ҳосилдорликни ошириш ва пахтанинг пишишини тезлаштириш бўйича амалий тавсиялар берди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Пахта селексияси, уруғчилиги ва агротехнологиялар илмий-тадқиқот институти мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ 5–7-август кунлари Тожикистонда бўлиб, жами 50 гектар майдондаги ғўза ҳолатини бевосита далада таҳлил қилди. Бугунги кунда ушбу майдонларда Ўзбекистон тажрибаси асосида “Шинжон” усулида ғўза етиштирилмоқда. Экин майдонлари уч асосий ҳудудга бўлинган: Суғд вилояти Бобожон Ғофуров туманида 25 гектар, Ҳисор туманидаги тажриба майдонида 10 гектар ҳамда “Мергантекс” МЧЖ майдонида 15 гектар. Энг кўп эътибор қаратилган майдонлардан бири “Бухоро агрокластер” томонидан парваришланаётган 25 гектарлик дала бўлди. Бу ерда мутахассислар кутилмаган ҳолатга дуч келди: 12 гектар майдонда ортиқча суғориш сабаб ғўза ҳаддан ташқари бўй чўзиб кетган. Қолган қисмда эса вазият барқарор бўлиб, ўсимликлар меъёрида ривожланмоқда, бўйи ўртача 70–75 сантиметр атрофида сақланмоқда. Мутахассислар бундай ҳолат ҳосилга бевосита таъсир қилишини таъкидлаб, ғовлаб кетган майдонларда зудлик билан чилпиш (чеканка) ўтказиш зарурлигини билдирди. Шунингдек, микроелементлар, хусусан бор кислотаси билан ишлов бериш ҳам тавсия этилди. Ҳисор туманидаги 10 гектарлик тажриба майдони эса ўзига хос “очиқ лаборатория”га айланган. Бу ерда Ўзбекистон ва Тожикистон навлари — Порлоқ-4, Равнақ-1, Данғара ва Хўжанд синовдан ўтказилмоқда. Далада кузатилган энг эътиборли ҳолатлардан бири айрим ўсимликларда кўсаклар сони 20–25 тагача етгани бўлди. Бу эса тўғри агротехника қўлланганда натижа сезиларли даражада яхшиланишини яна бир бор тасдиқлади. Шу билан бирга, мутахассислар ортиқча вегетатив ўсишни чеклаш учун механик чилпиш ва кейинги босқичда махсус препаратлар билан ишлов беришни тавсия қилди. “Мергантекс” МЧЖ томонидан экилган 15 гектарлик “Зҳонгмиан-88” майдони ҳам назоратдан четда қолмади. Бу ерда ҳам айрим жойларда ортиқча суғориш оқибатлари сезилди. Натижада 8 гектар майдонда чилпиш ишларини тезлаштириш, қолган қисмда эса микроелементли ўғитлар билан қўшимча ишлов бериш зарурлиги қайд этилди. Умуман олганда, 50 гектарлик қўшма пахта майдонлари доимий кузатув остида. Мутахассислар эса ҳар бир босқични даланинг ўзида таҳлил қилиб, ҳосилдорликни оширишга қаратилган илмий ва амалий тавсиялар беришда давом этмоқда. Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм

Манбани Telegramда очиш

Хатони маъмуриятга юбориш
Раҳмат! Хабарингиз юборилди.