Ўзбек–Корея ҳамкорлигида шоличиликда инновацион ёндашувлар муҳокама қилинди

Аввал хабар берганимиздек, бугун Миллий марказда “Шоличиликда инновацион илмий ёндашув — замон талаби” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги “КОПИА” маркази билан ҳамкорликда амалга оширилаётган қўшма лойиҳанинг 2025-йилги якуний ҳисоботи тингланди.
Дастлаб, тор доирада ўтказилган тақдимотда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги “КОПИА” маркази директори Ким Жае Ҳюн Миллий марказ раҳбарияти олдида Шоличилик илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда амалга оширилган икки томонлама илмий лойиҳалар натижалари, янгича агротехнологияларни жорий этиш ва шоли етиштириш самарадорлигини ошириш бўйича эришилган ютуқлар ҳақида маълумот бериб, лойиҳа доирасида жорий йилда Шоличилик илмий-тадқиқот институтига умумий қиймати 236 000 доллар бўлган 15 турдаги замонавий техникалар тақдим қилингани, республиканинг 7 та вилоятида 630 гектар майдонга шолининг "лазурний" ва "искандар" навларининг супер элита уруғликлари экилиб 3900 тонна элита уруғлик етиштирилганини қайд этди. Етиштирилган юқори авлодли уруғлик келгусида шоликорлар учун серҳосил ва ишончли уруғлик бўлиши таъкидланди.
Профессор Ким Жае Ҳюн ўз тақдимотидан сўнг самарали ҳамкорлик ва яратилган қулай шароитлар учун Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбариятига миннатдорлик билдириб, Корея томони аграр соҳани ривожлантиришда истиқболли лойиҳалар билан ҳамкорлик қилишга доим тайёр эканлигини билдирди.
Шундан сўнг, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар маркази директори Шодмон Намозов самарали ҳамкорлик учун миннатдорлик билдириб, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги "КОПИА" маркази директори Ким Жае Ҳюнга Қишлоқ хўжалиги вазирининг икки давлат ўртасида аграр соҳани ривожлантиришдаги сай-ҳаракатлари учун эълон қилинган ташаккурномасини топширди.
Шундан сўнг, лойиҳа доирасида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ўтказилган тадқиқотлар натижалари тадқиқот муаллифари томонидан кенг доирада тақдимот қилинди.
Тақдимотлар билан танишган иштирокчилар тадбирнинг муҳокама қисмида келтирилган маълумот ва натижаларни деярли барча тақдимотларда бир-бирига яқин эканлигини таъкидлаб, ўз фикр мулоҳазаларини билдирди.
Миллий марказ директори Шодмон Намозов тақдимотларда келтирилган маълумотларга ўз муносабатини билдирар экан: "Амалга оширилган ишларда аввало, илмий янгилик бўлиши ва бу тақдимотларда акс этиши, ана шундагина илмий-тадқиқот натижа берганлигини эътироф этиш мумкин. Акс ҳолда илм билан ишлаб чиқариш ўртасидаги фарқ йўқолади. Шундай экан, олимларимиз ўз олдига илмий натижани бош режа сифатида қўйишлари зарур", деди.
Тадбирда соҳа олимлари, мутахассислар, шоли етиштирувчи кластерлар вакиллари ва фермерлар иштирок этди. Иштирокчилар тақдимотчилардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, келгусида шолинг сувни кам талаб қиладиган, ресурстежамкор навларини яратиш ва тезроқ ишлаб чиқаришга жорий этиш юзасидан ўз таклифларини билдирдилар.
WЕБ | Телеграм | Инстаграм | Факебоок | ЁуТубе