Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти ҳамда “Узагростар” ҳолдинг компанияси ҳамкорлигида 20–26-апрел кунлари ўқув семинари ташкил этилмоқда. Семинар иштирокчилари дастлабки ўқув дастурини муваффақиятли якунлаб, ўз билим ва кўникмаларини мустаҳкамлади ҳамда уларга сертификатлар топширилди.
Бугун семинарнинг навбатдаги гуруҳ иштирокчилари учун "Чорвачиликда озуқа экинларининг ўрни" мавзусидаги ўқув машғулотлари бошланди.
Дастур аввалида институт директори Рустам Низомов иштирокчиларга институт фаолияти, семинар мазмуни ва унинг амалий аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Машғулотлар соҳа мутахассислари ва халқаро экспертлар иштирокида олиб борилмоқда. Иштирокчилар ўқув дастурлари давомида чорвачиликда мустаҳкам озуқа базасини яратиш, озуқа экинларини етиштиришнинг замонавий усуллари, ресурслардан оқилона фойдаланиш, илғор тажрибалар ва инновацион ёндашувлар ҳақида нафақат назарий билимлар, балки амалий кўникмаларни ҳам мустаҳкамлайди.




