Пахта даласидаги тажриба: Ўзбекистоннинг замонавий ёндашувлари хорижлик меҳмонлар эътиборида

Бугун куннинг иккинчи ярмида Халқаро пахта кунига бағишланган халқаро конференсия ҳамда Озиқ-овқат хавфсизлиги ва Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатларнинг Глобал техник форумида иштирок этаётган хорижлик меҳмонлар Тошкент вилоятининг Бўка туманидаги пахта далаларида бўлди.
Дала ташрифи давомида меҳмонлар Ўзбекистонда пахта етиштиришда қўлланилаётган замонавий агротехнологиялар, амалга оширилаётган агротехник тадбирлар ва соҳада тўпланган амалий тажриба билан яқиндан танишди.
Хорижлик мутахассислар замонавий терим машиналари ёрдамида пахта териш жараёнини бевосита дала шароитида кузатиб, пахтачиликда механизация ва замонавий технологияларни жорий этиш бўйича Ўзбекистон тажрибасига қизиқиш билдирди.
Шунингдек, меҳмонларга ғўзапоядан биочар тайёрлаш технологияси, замонавий уруғ экиш сеялкалари ҳамда пахтани қўшқатор усулида экишнинг самарадорлиги ва аҳамияти ҳақида мамлакатимиз мутахассислари томонидан маълумот берилди.
Алоҳида эътибор жорий йилда пахта далаларида тажриба тариқасида қўлланилаётган рангли плёнкаларга қаратилди. Мазкур технологиянинг тупроқ намлигини сақлаш, ўсимлик ривожини рағбатлантириш ва агротехник жараёнлар самарадорлигини оширишдаги имкониятлари ҳақида хорижлик меҳмонларга батафсил тушунтириш берилди.
Дала ташрифи халқаро форумлар доирасида билдирилаётган фикр ва ғояларни амалиёт билан уйғунлаштириш, турли мамлакатлар мутахассислари ўртасида тажриба алмашиш учун муҳим майдон бўлди.
Бугунги кунда пахтачиликда замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш, ресурсларни тежаш, чиқиндиларни қайта ишлаш ва ер унумдорлигини оширишга қаратилган ёндашувлар Ўзбекистон аграр соҳасининг янги қиёфасини намоён этмоқда.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм