Пахта мавсумига пухта тайёргарлик: даладан қабул масканигача шаффофлик ва сифат назоратига эътибор

Ҳудудларда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаларини ўрганиш, далаларда олиб борилаётган агротехник тадбирлар ҳолатини кўздан кечириш ҳамда пишиб етилаётган ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олишга тайёргарлик кўриш мақсадида қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Фарғона вилоятида ишчи ташриф билан бўлиб турибди.
Ташриф доирасида Қўштепа туманидаги “Глобал ТЕХ Фергана” МЧЖнинг Солижонобод масканида водий вилоятларининг аграр соҳага масъул раҳбарлари, пахтачилик кластерлари ва кооперациялари вакиллари, пахта қабул қилиш масканлари раҳбарлари, тарозибонлар ҳамда лаборатория мутахассислари иштирокида амалий семинар ташкил этилди.
ℹСеминарнинг асосий мавзуси – 2026-йил пахта ҳосилини сифатли ва талафоциз йиғиб-териб олиш, терим ҳамда қабул жараёнларини самарали ташкил этиш, пахта қабул қилиш масканларини мавсумга пухта тайёрлашдан иборат.
Тадбирда Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида пахта ҳосилини қабул қилишга тайёргарлик ҳолати атрофлича муҳокама қилинди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги мутасаддилари ҳамда Агросаноатни рақамлаштириш маркази мутахассислари пахтани қабул қилиш жараёнида аниқлик ва шаффофликни таъминлаш, ҳосилни тарозида тортиш, лаборатория таҳлилларини сифатли ташкил этиш, мавсум давомида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш ҳамда жорий йилдаги ўзгаришлар бўйича батафсил маълумот беришди.
Вазир Иброҳим Абдураҳмонов қабул жараёнининг ҳар бир босқичида инсон омили билан боғлиқ хатоликларнинг олдини олиш, фермер ва кластерлар ўртасидаги ҳисоб-китобларда адолат ва аниқликни таъминлаш, пахта сифатини холис баҳолаш муҳимлигини таъкидлади.
Зеро, ҳосилни етиштириш қанчалик машаққатли бўлмасин, уни йиғиб олиш ва қабул қилиш жараёнининг тўғри ташкил этилиши ҳам якуний натижанинг муҳим омилидир. Шу боис пахта қабул қилиш масканларининг мавсумга тайёргарлиги, замонавий ахборот тизимларидан фойдаланиш ва лаборатория назоратини кучайтириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири сифатида қайд этилди.
Шунингдек, пахта ҳосилини қабул қилиш жараёнида “АгроТарози” ахборот тизимидан самарали фойдаланиш бўйича тақдимотлар ҳам ўтказилди. Мазкур тизимдан самарали фойдаланиш орқали ҳосилни тортиш жараёнларини рақамлаштириш, маълумотларни аниқ қайд этиш ва қабул жараёнларида шаффофликни таъминлаш имкониятлари намойиш этилди.
Амалий семинар якунида масъулларга пахта мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш, ҳосилни нес-нобуд қилмасдан йиғиб-териб олиш, қабул масканларида барча зарур шароитларни яратиш, тарози ва лаборатория ускуналарининг созлигини таъминлаш ҳамда қабул жараёнларини шаффоф ва холис ташкил этиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди.
Мақсад битта – далада етиштирилган ҳар бир килограмм пахтани нес-нобуд қилмасдан, сифатини сақлаган ҳолда қабул қилиш ва деҳқон меҳнатининг муносиб баҳоланишини таъминлаш.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм