









Хабар бериб бораётганимиздек, бугун мамлакатимизда 7-октабр — Бутунжаҳон пахта куни кенг нишонланмоқда. (https://t.me/AKIS_milliy_markaz/11914)
Сана муносабати билан куннинг биринчи қисмида Тошкент давлат аграр университетида бошланган халқаро анжуман айни пайтда Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Пахта селексияси, уруғчилиги ва етиштириш агротеҳнологиялари илмий-тадқиқот институтида давом этмоқда.
Тадбир иштирокчилари илмий муассасада ташкил этилган кўргазмада институт олимлари томонидан яратилган сўнгги илмий ишланмалар ва инновацион ечимлар билан яқиндан танишиб, уларнинг муаллифлари билан суҳбатлашмоқдалар.
Анжуманинг иккинчи қисмида институт фаолияти, у ерда амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари, шунингдек, пахтачилик тармоғида замонавий агротеҳнологиялар ва илғор селексия усулларини жорий этиш бўйича изланишлар ҳақида маълумот берилди.
Институт олимлари томонидан яратилган юқори ҳосилдор, касаллик ва қурғоқчиликка чидамли пахта навлари, уларни яратишда қўлланилаётган замонавий селексия ёндашувлари ҳам тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилди.
Шунингдек, меҳмонлар институтнинг тажриба майдонида ташкил этилган кўчатзорлар, уруғ етиштириш майдонлари ҳамда томчилатиб суғориш тизими асосида ўтказилаётган илмий тажрибалар билан яқиндан танишдилар. Олимлар меҳмонларга ҳар бир ишланманинг мақсади, амалий аҳамияти ва натижалари ҳақида атрофлича маълумот бердилар.
Тадбир доирасида, шунингдек, пахта уруғини қайта ишлаш, сертификатлаш ва сақлаш бўйича жорий этилган янги технологиялар ҳам намойиш этилди. Бу ечимлар уруғ сифатини ошириш, ресурсларни тежаш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилади.
Иштирокчилар илмий муассасанинг замонавий лабораториялари фаолияти билан танишиб, олимлар билан фикр алмашдилар. Улар томонидан яратилган илмий ишланмаларнинг мамлакатимиз пахтачилиги ривожланишидаги аҳамияти юқори баҳоланди.
Мухтасар айтганда, 7-октабр — Бутунжаҳон пахта куни юртимизда муносиб тарзда нишонланди. Зеро, пахтачилик тармоғи мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим устунларидан бири саналади. Шу боис соҳа олимлари ресурстежамкор ва серҳосил пахта навларини яратиш ҳамда илғор агротеҳнологияларни амалиётга жорий этиш йўналишидаги изланишларини изчил давом эттирмоқдалар.
