Пахтачи туманида агротехник тадбирлар самарадорлиги баҳоланди

Ҳудудларда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар изчиллигини таъминлаш, мавсумий агротехник тадбирлар ижросини жойларда ўрганиш мақсадида қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов мамлакатимизнинг қатор вилоятларига ташриф буюраётганидан хабарингиз бор.
Бугун эрта тонгдан вазир бошчилигидаги ишчи гуруҳ Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманига етиб келди.
Ташриф дастурига мувофиқ, ишчи гуруҳ тумандаги «Пахтачи элита уруғчилик» МЧЖнинг пахта майдонларини кўздан кечирди. Уруғчиликка ихтисослашган хўжаликда пахта етиштириш агротехнологиялари, экинларнинг ҳолати ва амалга оширилаётган агротехник тадбирлар атрофлича ўрганилди.
Кўрик давомида вазир пахта майдонларининг ҳолатига юқори баҳо бериб, ҳосилдорликни янада ошириш мақсадида ғўзаларга кечиктирмасдан этефон билан ишлов бериш юзасидан амалий тавсиялар берди. Шунингдек, агротехник тадбирларни белгиланган муддатларда ва сифатли амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Дала бошидаги суҳбат чоғида жамият раҳбари ҳосилни сифатли парваришлаш ва агротехник тадбирларни ўз вақтида бажаришда дрон хизматларига эҳтиёж ортиб бораётганини маълум қилди. Мазкур масала юзасидан вазир ташаббуси билан масъул ташкилотлар билан тезкор мулоқот ўтказилиб, хўжаликни дрон хизмати билан таъминлаш бўйича амалий чоралар кўрилди.
Шу билан бирга, Пахтачи туманидаги илғор фермерлар эҳтиёжидан келиб чиқиб, ҳудудга қўшимча дронлар етказиб бериш вазифаси масъулларга юклатилди.
Ташриф якунида пахта майдонларида агротехник тадбирлар белгиланган талаблар асосида олиб борилаётгани, ғўзаларнинг ўсиш ҳолати яхши экани қайд этилди. Шунингдек, юқори ва сифатли ҳосил олиш мақсадида қўшимча агротехник тадбирларни амалга ошириш бўйича тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм