"ПАХТАЧИЛИК ЭНСИКЛОПЕДИЯСИ" НАШРГА ТАЙЁРЛАНДИ

Пахтачилик – деҳқончиликнинг қадимий тармоқларидан бири. Ўзбекистон ҳудудида ғўза 2,5 минг йилдан бери етиштирилади. Ўзбекистон деҳқончилиги тарихида мўжиза ўсимлик – ғўза каби жуда теран, илмий ва кенг миқёсда ўрганилган, эътибор топган биронта бошқа экинни топиш амримаҳол.
Шунинг учун ҳам Ўзбекистон пахтачилик фани ва пахта етиштириш маданияти юксалган мамлакатга айланганлиги жаҳон миқёсида эътироф этилди.
Республикамизда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар натижасида ҳозирги давргача қишлоқ хўжалиги соҳасига 40 фоизгача халқаро янги термин ва атамалар кириб келди. Бу йўналишда тўпланган бой илм ва амалиётни қомусий тартиблаш муҳим вазифа бўлиб, соҳа мутахассислари, илмий ходимлар, олий ва ўрта махсус ўқув юртлари талабалари, пахтачилик билан қизиққан барча китобхонлар учун ишончли манбаа сифатида ўзбек тилида пахтачилик бўйича энсиклопедик асар яратиш зарурияти туғилди.
Шуни инобатга олган ҳолда Пахта селексияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий тадқиқот институтида Давлат тилида ва лотин алифбосида “Пахтачилик энсиклопедияси” нашрга тайёрланди. Ушбу энсиклопедияга пахтачилик фани ва амалиётига оид 1000 га яқин мақола ва тушунчалар киритилди.
Мазкур энсиклопедияда ғўза биологияси ва биокимёси, генетикаси, биотехнология, ген инженерияси услублари, нав агротехникаси, табиий-иқлим шароитлари, пахтачиликни механизациялаш ва суғорма деҳқончилик, ўсимликлар касалликлари ва зараркунандалари ҳамда бегона ўтларга қарши кураш йўллари, усуллари, ҳосилни биологик ҳимоя қилиш ва пестисидлар ҳақида маълумотлар ўз аксини топган. Энсиклопедияда нав агротехникаси, табиий-иқлим шароитлари, пахтачиликни механизациялаш, суғорма деҳқончилик минтақасининг ўзига хос хусусиятлари ўз ифодасини топган. Энсиклопедияда пахтага дастлабки ишлов бериш ва пахта маҳсулотларини қайта ишлаш, пахта толасининг хусусиятларига оид кўпгина мақолалар жой олган.
Энсиклопедияда мамлакат пахтачилигини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган 90 нафарга яқин йирик олимлар, новаторлар ҳақида биографик мақолалар ҳам ўрин олган.
Шунингдек, Осиёда пахтачилик билан шуғулланувчи давлатларда пахта етиштириш тажрибаси ҳам ўрганилиб, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистонда пахтачиликнинг ҳозирги ҳолати, пахтачилик билан боғлиқ илмий муассасалар ҳақидаги маълумотлар киритилди.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе