Пахта селексияси, уруғчилиғи ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти мамлакатимиз пахтачилигининг ўзаги десак, муболаға бўлмайди. Боиси, ушбу илмий муассаса Ўзбекистонда пахта илмининг маркази саналади. Бу институтда яратилган ғўза навлари яқин йилларгача мамлакатимиздаги пахта етиштириладиган умумий майдоннинг қарийб 90 фоизини эгаллаган. Бироқ бу кўрсаткич энди ўзгартиши мумкин. Ушбу маълумот ва фикрлар бугун Миллий марказда бўлиб ўтган Пахта селексияси, уруғчилиғи ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтининг 2024-йилдаги фаолияти юзасидан ташкил этилган ҳисобот йиғилишида институт директори, академик Шодмон Намозовнинг тақдимотида таъкидланди. Чиндан ҳам бугун хориждан табиий муҳитдаги стресс омиллар, касаллик ва зараркунандаларга чидамли навлар кириб келаяпти, синовдан муваффақиятли ўтди ҳам. Буни тўғри қабул қилиш керак, чунки илм бир жойда депсиниб турмайди. Дунё илм-фани ютуқларини қабул қилиш керак, қолаверса, рақобат бор.
Институтнинг илмий жамоаси ҳам ўзбек пахта илмининг нафақат мамлакатдаги, балки дунёдаги нуфузини ошириш мақсадида тинимсиз изланмоқдалар, селексия ютуқларини амалиётга жорий қилмоқдалар. Сўзимиз қуруқ бўлмасин, ҳисоботдан олинган фактларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2024-йилда ғўзанинг 10 та нави яратилдиган, 6 та нав Давлат реестрига киритилиб, 11 та нав учун патент олинган. Амалга оширилаётган илмий лойиҳаларнинг сони ҳам ортган. Масалан, институт олимлари 2023-йилда 19 та лойиҳа устида ишлаган бўлса, 2024-йилда лойиҳалар сони 26 тани ташкил қилган. Изланишлар натижасида олинган натижалар асосида 390 та мақола чоп этилган. Ушбу мақолаларнинг 43 таси Скопус ва Wеб оф Скиенке базасидаги нашрларда эълон қилинган.
Шунингдек, ҳисобот тақдимотида бошқа йўналишлар ва ишлаб чиқаришдаги кўрсаткичлар ҳам йиғилиш иштирокчиларига маълум қилинди. Тақдимотдан сўнг ҳисоботда келтирилган маълумотлар ва фактлар муҳокама қилинди. Ютуқлар эътирофи баробарида йўл қўйилган камчиликлар танқид қилинди.
Ҳисобот тайёрланганда юзакиликка йўл қўйилган. Чунки тақдимотда берилаётган айрим маълумотлар бизга тақдим қилинган ҳисобот нусхасидан фарқ қилаяпти. Мен ҳисобот билан танишиш жараёнида ана шундай фактларни қайд этиб қўйдим. Бундай ҳолат бошқа илмий муассасаларининг ҳисоботида ҳам кузатилаяпти. Бу каби масъулияцизликка чек қўйиш, бажарилган ишлар кўрсаткичларини пухта таҳлил қилиш лозим. Чунки илм бу таҳлил ва тадқиқдир. Агар биз мана шу мезонларга амал қилмайдиган бўлсак, унда натижага эриша олмаймиз, – дея танқидий фикр-мулоҳазаларини баён қилди йиғилишга раислик қилувчи Миллий марказ директори ўринбосари Бунёд Мамараҳимов.
Муҳокамалар давомида Миллий марказнинг тегишли бўлимлари раҳбарлари томонидан ҳисоботда келтирилган фактлар танқидий таҳлил қилинди. Мисол учун, Миллий марказнинг Илмий тадқиқотларни мувофиқлаштириш ва докторантура бўлими бошлиғи Шаҳноза Эргашева институтда 108 нафар илмий ходим бўла туриб, Скопус ва Wеб оф Скиенке базасидаги нашрларда 42 та мақола чоп этилгани, иқтибослар сонининг камлиги, бори ҳам ўз-ўзимизга тааллуқли эканлиги натижалар пастлигидан дарак беришини таъкидлади. Институтнинг илмий тажриба стансияларидаги илмий фаолият ва айрим стансиялардаги молиявий масалалардаги камчиликлар ҳам муҳокамалар марказидан ўрин олди. Йиғилиш сўнггида ҳисоботни пухта-пишиқ тайёрлаш ва ҳисобот йиғилишида билдириган фикр-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда, камчиликларни бартараф этиш юзасидан топшириқлар берилди.




