Пахтачиликда илм, технология ва агротехник ёндашув уйғунлиги – ҳосилдорлик гарови

Бугун Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов раислигида пахтачилик соҳасидаги долзарб масалаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Пахтачилик кенгаши олимлари, вазирлик марказий аппарати вакиллари, АКИС масъуллари ҳамда соҳага алоқадор мутахассислар иштирок этди.
Йиғилиш давомида жорий пахта мавсумини илмий ёндашув асосида ташкил этиш, агротехнологиялар самарадорлигини ошириш ҳамда ҳудудларда олиб борилаётган ишларни тизимли мувофиқлаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Муҳокамалар марказида жорий мавсумда қизил, кўк, яшил ва оқ рангдаги анъанавий плёнкалар остига чигит экиш бўйича олиб борилаётган тажрибалар ва уларнинг дастлабки натижалари алоҳида таҳлил қилинди. Ушбу тажрибалар орқали тупроқ намлигини сақлаш, ҳароратни меъёрлаштириш, униб чиқиш жараёнини тезлаштириш ҳамда ҳосилдорликни ошириш имкониятлари илмий асосда ўрганилаётгани таъкидланди.
Шунингдек, йиғилишда уруғчилик тизимини янада такомиллаштириш, сифатли ва сертификатланган чигит етиштириш, ҳудудларнинг агроиқлим хусусиятига мос навларни танлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Олимлар томонидан маҳаллий ва хорижий ғўза навларининг ривожланиш кўрсаткичлари, уларнинг ҳосилдорлик салоҳияти ҳамда касаллик ва зараркунандаларга чидамлилик даражаси юзасидан таҳлиллар тақдим этилди.
Агрокластерлар фаолиятида учраётган муаммолар, хусусан, суғориш тизимини такомиллаштириш, сув таъминоти барқарорлигини таъминлаш, очиқ майдонларда самарали суғориш усулларини кенг жорий этиш юзасидан ҳам илмий таклифлар илгари сурилди.
Йиғилишда пахта далаларида учрайдиган зараркунандаларга қарши курашиш, биологик ва кимёвий ҳимоя воситаларини уйғун қўллаш, табиий мувозанатни сақлаган ҳолда юқори ҳосилдорликка эришиш бўйича тавсиялар берилди.
Шунингдек, пахтачилик бўйича олимлар томонидан ишлаб чиқилган услубий қўлланмаларни амалиётга кенг жорий этиш, хорижий агротехнологияларни дала шароитида самарали қўллаш ҳамда илм-фан ва амалиёт интеграциясини кучайтириш устувор вазифа сифатида белгиланди.
Йиғилиш якунида вазир томонидан ҳар бир Пахтачилик кенгаши аъзоси ҳамда АКИС масъулларига ҳудудларда олиб борилаётган ишларни тизимли ташкил этиш, фермерлар билан манзилли ишлаш, экин майдонларидаги ҳолатни доимий назоратга олиш ва агротехник тадбирларни илмий тавсиялар асосида амалга ошириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Бундан ташқари, чигитларни плёнка остида етиштиришда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш, махсус хўрак майдонларини тўғри ташкил этиш, хорижий агротехнологияларни кенг жорий этишда илмий ҳамкорликни кучайтириш ҳамда барча ҳудудларда пахта парваришини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм