Сайт синов режимида ишламоқда: материаллар ва таржималар ҳали тўлдирилмоқда.
Шрифт:
Ранг:
Маҳсулотлар
Сайт харитаси Кириш
Gerb

Пахтачиликда муҳим агротехник тадбирлар муҳокама қилинди

Пахтачиликда муҳим агротехник тадбирлар муҳокама қилинди
Бугун қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов раҳбарлигида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги долзарб масалаларга бағишланган навбатдаги кенгайтирилган семинар ташкил этилди. Видео-конференс-алоқа шаклида ўтказилган семинарда вазир ўринбосарлари, департамент ва бошқарма раҳбарлари, ҳокимларнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва туманлардаги фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирок этди. Йиғилишда, аввало, пахтачиликда айни кунларда амалга оширилиши лозим бўлган агротехник тадбирлар атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, 1-август куни этефон сепилган далаларнинг бугунги ҳолати таҳлил қилиниб, эришилган натижалар ва мавжуд муаммолар юзасидан фикр алмашилди. Мазкур далаларда кейинги босқичда бажарилиши лозим бўлган ишлар бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, этефон нисбатан кеч муддатларда қўлланилган майдонларнинг ҳолатига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бундай далаларда дефолиация ва десикация тадбирларини ўз вақтида, агротехник талаблар асосида ташкил этиш, бунда экиннинг ҳолати ва об-ҳаво шароитини инобатга олиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди. Семинарда алоҳида таъкидланганидек, бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири — пахтачиликда қўлланилаётган янги ва инновацион ёндашувларни ҳар бир фермергача етказиш. Чунки даладаги якуний натижа, аввало, илғор агротехнологияларнинг жойларда тўғри ва самарали қўлланилишига боғлиқ. Муҳокамалар давомида кузги ғалла экиш мавсумига тайёргарлик кўриш, ер майдонларини экишга сифатли тайёрлаш, шунингдек, такрорий экинларнинг айни кундаги ҳолати ҳам таҳлил қилинди. Мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, агротехник тадбирларни белгиланган муддатларда бажариш ва ҳосилдорликни ошириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди. Семинар якунида ҳудудлар ва масъуллар кесимида аниқ топшириқлар белгилаб берилиб, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича зарур вазифалар юклатилди. Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм

Манбани Telegramда очиш

Хатони маъмуриятга юбориш
Раҳмат! Хабарингиз юборилди.