президент #тақдимот #таклифлар #агро

ПРЕЗИДЕНТ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИДА ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА ТАКЛИФЛАР ТАҚДИМОТИ БИЛАН ТАНИШДИ
Йиғилишда Тошкент вилоятининг тупроғи унумдор, суви мўл эканлиги, бундан самарали фойдаланилса, ҳосилдор боғ ва токзорлар барпо этиш, интенсив сабзавотчиликни йўлга қўйиш, одамларнинг бандлигини таъминлаш мумкинлиги қайд этилди.
Ўзбекистон Президентининг жорий йил 10-сентябрдаги “Деҳқон хўжаликлари ташкил этишни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли даромадларини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида шу борада қатор вазифалар белгиланган. Хусусан, Тошкент вилоятида 2023-йилда 9 минг гектар пахта ва ғалла майдони қисқартирилиб, 25 сотихдан аҳолига берилади. Бу 60 мингдан ортиқ кишини иш билан таъминлаш имконини беради.
Давлатимиз раҳбарининг топшириғи билан, мутахассислар иштирокида Тошкент вилоятида фойдаланилмаётган имкониятлар ўрганилди ва қўшимча чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Йиғилишда ана шу таклифлар ҳақида ахборот берилди. Унга кўра, вилоятда 62 минг гектар ерни фойдаланишга киритиш ҳисоб-китоб қилинган. Уларда яйлов ўсимликлари уруғчилигини йўлга қўйиш, сув кам талаб қиладиган мойли, дуккакли ва озуқа экинлари етиштириш, чорва боқиш мўлжалланган.
Шунингдек, Тошкент вилоятининг ҳар бир тумани мева-сабзавотчилик, картошкачилик, узумчилик каби муайян тармоққа ихтисослаштирилади. Мазкур чора-тадбирлар натижасида 24 мингдан зиёд иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Президентимиз бу чора-тадбирларни маъқуллаб, уларни амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
Манба