





Тошкент шаҳрида Қишлоқ аёллари халқаро куни муносабати билан қишлоқ хўжалигида гендер тенглиги масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбир БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Учрашувда давлат идоралари, фуқаролик жамияти, илмий муассасалар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, қишлоқ аёлларининг иқтисодий ва ижтимоий фаоллигини ошириш масалаларини муҳокама қилишди.
Тадбир давомида ФАО мутахассислари янгиланган “Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ ҳудудларида гендер ҳолатини баҳолаш” (КГА) ҳисоботининг асосий хулосаларини тақдим этди. Унда қишлоқ секторидаги гендер тафовутлари, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар акс этган.
ФАО халқаро консултанти Элизабет Дубан ўз тақдимотида қишлоқ аёлларининг ресурсларга кириш имкониятлари, қарор қабул қилишдаги иштироки ва иқлим ўзгаришининг уларнинг ҳаётига таъсири ҳақида маълумот берди.
Тадбир иштирокчилари қишлоқ аёлларининг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, уларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек, қишлоқ хўжалигида тенг ҳуқуқли иштирокини таъминлаш масалалари юзасидан фикр алмашишди.
Давра суҳбати якунида давлат идоралари, халқаро ҳамкорлар ва нодавлат ташкилотлар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда ҳисоботда келтирилган тавсияларни амалга ошириш бўйича таклифлар илгари сурилди.
