Хабарингиз бор, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Қишлоқ хўжалиги соҳаси кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги ходимлар учун малака ошириш курслари ташкил этилмоқда. Мазкур ўқув курсларида вазирлик марказий аппарати, ҳудудий бошқармалар ҳамда туман бўлимларида фаолият юритаётган мутахассислар иштирок этиб, ўз билим ва кўникмаларини замонавий талаблар асосида янгилаш имкониятига эга бўлмоқда.









Бугун ҳам ушбу ўқув курсларининг навбатдаги жараёнларига старт берилди. Дастур очилишида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Илм-фан, инновациялар ва таълимни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Тўхтамурод Атакулов кириш сўзи билан иштирок этиб, ўқув дастурининг моҳияти, унинг асосий йўналишлари, кутилаётган натижалар ҳамда соҳада кадрлар салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар ва амалий лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берди.
Шунингдек, институт директори Рустам Низамов тингловчиларни амалиётга йўналтирилган замонавий ишланмалар билан таништириб, Республика агрохизматлари марказида йўлга қўйилган АирФарм технологияси (https://t.me/AKIS_milliy_markaz/13892) орқали қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашувлар, ресурслардан самарали фойдаланиш ва ҳосилдорликни ошириш имкониятлари, Венгрия картошкачилик лабораторияси фаолияти, унда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари ҳамда юқори ҳосилдор, касалликларга чидамли навларни етиштириш бўйича тажрибалар ҳақида маълумотларни тақдим этди.
Мазкур ўқув курслари давомида тингловчилар назарий билимлар билан бир қаторда амалий машғулотларда ҳам иштирок этиб, илғор технологиялар, замонавий бошқарув ёндашувлари ва инновацион ечимларни ўз фаолиятига татбиқ этиш бўйича кўникмаларини мустаҳкамлайдилар.
