Қишлоқ хўжалиги соҳасида раҳбар ва мутахассислар учун малака ошириш курси ташкил этилди

Аввал хабар берганимиздек, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Қишлоқ хўжалиги соҳаси кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти томонидан марказ тизимидаги илмий-тадқиқот институтлари директор ўринбосарлари ва лаборатория мудирлари, шунингдек, Агросаноатни ривожлантириш агентлиги мутахассис ходимлари учун малака ошириш курси ташкил этилди.
Мазкур ўқув курсини Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Илм-фан, инновациялар ва таълимни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Тўхтамурод Атакулов кириш сўзи билан очиб берди. У ўз нутқида қишлоқ хўжалиги соҳасида илм-фан ва инновацияларни жорий этиш, кадрлар салоҳиятини ошириш ҳамда замонавий бошқарув ёндашувларини амалиётга татбиқ этиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири эканини таъкидлади. Шунингдек, бундай ўқув курслари соҳага малакали, рақобатбардош ва ташаббускор мутахассисларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
Шундан сўнг, вазирлик котибияти мудири Шамшод Эргашев томонидан “ҲЕКИ тамойилларини соҳада қўллаш” мавзусида маъруза ўқилди. Маъруза давомида ҲЕКИ тамойилларининг мазмун-моҳияти, уларни қишлоқ хўжалиги тизимига татбиқ этиш механизмлари ҳамда кутилаётган самаралар юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Ўқув курси интерактив шаклда, савол-жавоблар ва амалий мисоллар асосида давом этди. Тингловчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар олиш билан бирга, очиқ фикр алмашиш имкониятига эга бўлдилар.
Шунингдек, курс доирасида иштирокчилар мева-сабзавот маҳсулотларини қадоқлаш жараёнлари, замонавий қадоқлаш технологиялари, маҳсулотни сақлаш ҳамда экспортга тайёрлашдаги муҳим жиҳатлар билан ҳам яқиндан танишдилар.
Мазкур малака ошириш курси иштирокчиларнинг касбий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашга, қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацион ёндашувларни кенг жорий этишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларини кузатиб боринг.
WЕБ | Телеграм | Инстаграм | Факебоок | Ёутубе