Сайт синов режимида ишламоқда: материаллар ва таржималар ҳали тўлдирилмоқда.
Шрифт:
Ранг:
Маҳсулотлар
Сайт харитаси Кириш
Gerb
Янгиликлар

Қишлоқ хўжалиги вазирининг МУРОЖААТИ

Қишлоқ хўжалиги вазирининг МУРОЖААТИ

Ҳурматли фермер хўжаликлари ва кластерлар раҳбарлари!

Мен сизларни мамлакатимиз учун беқиёс аҳамиятга эга бўлган суғориладиган экин ерларидан оқилона, самарали ва энг муҳими – экологик масъулият билан фойдаланиш масаласида яна бир бор бирлашишга чақираман.

Бугун қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, илм-фан ва инновацияларга асосланган янги ёндашувлар амалда ўз самарасини кўрсатмоқда. Замонавий агротехнологияларни жорий этиш орқали юқори ҳосил олиш имкониятлари кенгаймоқда.

2025-йилдан бошлаб мамлакатимизда илк маротаба пахтачиликда Хитой–Шинжон тажрибаси жорий этилди. Плёнка остига чигит экиш ва томчилаб суғоришга асосланган ушбу технология қисқа муддатда юқори натижа берди.

Жумладан, 2025-йилда республика бўйлаб 180 минг гектар майдонда ушбу усул қўлланилиб, гектаридан ўртача 60-70 сентнер ҳосил олинди. Бу қишлоқ хўжалигида инновацияларнинг нақадар самарали эканини яққол кўрсатади.

Бироқ юқори ҳосил экологик бепарволик эвазига қўлга киритилмаслиги лозим.

Маълумки, бир гектар майдонда плёнка остида пахта етиштириш жараёнида қарийб 100 килограмм полипропилен плёнка, шунингдек томчилаб суғориш учун полиетилен тасма ва шланглар қўлланилади. Ушбу материаллар мавсум якунида ўз вақтида ва тўлиқ йиғиб олинмаса, тупроқда биологик парчаланмайди, балки ўнлаб йиллар давомида сақланиб қолади.

Плёнка ҳамда томчилаб суғориш тасмалари қолдиқлари қуёш нури, ҳарорат ўзгариши ва механик таъсирлар натижасида майда микробўлакларга ажралиб, тупроқ таркибига сингиб кетади. Бу ҳолат гумус миқдорининг камайишига, тупроқнинг физик ва биологик хусусиятлари бузилишига ҳамда унумдорликнинг изчил пасайишига олиб келади.

Шунингдек, полиетилен қолдиқлари тупроқдаги фойдали микроорганизмлар фаолиятини чеклайди, нам ва ҳаво алмашинуви жараёнини издан чиқаради, ўсимлик илдиз тизимининг эркин ривожланишига тўсқинлик қилади. Натижада ўғитлардан фойдаланиш самараси пасаяди, ҳосил элементлари етарли даражада ўзлаштирилмайди ва маҳсулот сифати ёмонлашади.

Бир неча йил давомида плёнка ва томчилаб суғориш тасмаларидан тозаланмаган майдонлар қайта тиклаб бўлмайдиган экологик зарарга учраши мумкин. Бу эса нафақат бугунги ҳосилдорликка, балки келажак авлодлар учун сақланиши лозим бўлган ер ресурсларига ҳам жиддий таҳдиддир.

Шу сабабли, 2025-йилда плёнка остига томчилаб суғориш жорий этилган 180 минг гектар майдонни плёнка билан бир қаторда томчилаб суғориш тасмалари ва полиетилен шланглардан ҳам тизимли, тўлиқ ва сифатли тозалаш – кечиктириб бўлмайдиган вазифа ҳисобланади.

Мазкур ишларни амалга оширишда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратиш зарур:
биринчидан, плёнка ва суғориш тасмаларини йиғиш учун мўлжалланган махсус агрегатлар ёрдамида майдонларни тўлиқ тозалаш;
иккинчидан, плёнка ва шлангларни олиб ташлашдан аввал майдонни енгил суғориш ёки намлаш орқали иш самарадорлигини ошириш;
учинчидан, шудгорланган майдонларда қолиб кетган плёнка ва полиетилен тасма қолдиқларини қўл меҳнати билан пухта йиғиб олиш.

Ҳурматли қишлоқ хўжалиги соҳаси вакиллари, қадрли юртдошлар!

Мен сизларни плёнка ва томчилаб суғориш технологиялари жорий этилган майдонларни тозалаш ишларига масъулият билан, белгиланган экологик талаблар асосида ёндашишга чақираман.

Зеро, бу ишлар бугунги ҳосилдорликни таъминлаш билан бирга, тупроқ унумдорлигини сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш йўлидаги умумий саъй-ҳаракатларимизнинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Хатони маъмуриятга юбориш
Раҳмат! Хабарингиз юборилди.