Қувада мобил агрохизмат кўрсатиш маркази фаолият бошлади

Фарғона вилоятида “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш” лойиҳаси доирасида замонавий мобил агрохизмат кўрсатиш маркази ишга туширилди.
Лойиҳа Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт уюшмаси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Бу марказ фаолияти халқаро тажриба ва илғор ёндашувларга асосланади.
Мобил агрохизмат маркази ҳудудларда агрономик маслаҳатлар бериш, илмий муассасалар билан ҳамкорликда тупроқ ва экинлар ҳолатини таҳлил қилиш, ресурслардан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ҳамда рақамли ечимларни қўллашга кўмаклашиш каби хизматларни кўрсатади.
Энг муҳими, хизматлар фермер ва деҳқонларга бевосита яқинлаштирилади. Илмий-тадқиқот институтларида яратилган янги экин навлари, илғор ишланмалар ва агротехник ечимлар амалиётга, яъни ишлаб чиқариш жараёнига татбиқ этилади.
Очилиш маросимида Республика агрохизматлар маркази директори Акмал Тўланов сўзга чиқиб, мобил агрохизматлар марказининг имкониятлари, хизмат турлари ва унинг фермерлар учун афзалликлари ҳақида батафсил маълумот берди. У билим ва инновацияларни ишлаб чиқариш билан интеграция қилиш қишлоқ хўжалигида самарадорликни оширишини алоҳида таъкидлади.
Тадбир доирасида Фарғона вилояти агрохизматлар марказининг туманлардаги ходимларига замонавий компютер жамланмалари ҳам топширилди. Бу ҳудудларда агрохизмат фаолиятини янада самарали ташкил этишга хизмат қилади.
Тадбирда Республика агрохизматлар маркази, Фарғона вилояти ҳокимлиги масъуллари, вилоят агрохизматлар маркази ходимлари, олимлар, мутахассислар, фермерлар, шахсий томорқа ер эгалари, жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларини кузатиб боринг.
WЕБ | Телеграм | Инстаграм | Факебоок | Ёутубе