Қишлоқ хўжалиги соҳаси кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтида Ривулис компанияси ҳамкорлигида "Сувни тежовчи технологиялар ва замонавий томчилатиб суғориш тизимларини жорий этиш" мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.
Семинарни Қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Нуриддин Қўшназаров очиб берди.
У ўз нутқида сувни тежаш бугунги кунда нафақат қишлоқ хўжалиги, балки бутун инсоният келажаги учун ғоят муҳим масала эканини таъкидлади. Сув ресурслари тобора чекланиб бораётган бугунги шароитда ҳар бир томчи сувдан оқилона ва самарали фойдаланиш давр талаби эканини қайд этди. Шунингдек, у халқимиз орасида "Сув келтирган элда азиз" деган ҳикматли мақол борлигини эслатиб, бугунги вазият ушбу ҳикматга янги маъно бахш этаётганини таъкидлади.
— Бугун сувни тежаган ҳам азиз. Чунки сувни асраш – келажакни асраш демакдир,
— деди Нуриддин Қўшназаров.
Шундан сўнг Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази директорининг ўринбосари Азизбек Баҳодиров сўзга чиқиб, сув танқислиги шароитида сувни тежовчи технологияларни кенг жорий этиш қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бири эканини таъкидлади. Унинг қайд этишича, томчилатиб суғориш, рақамли бошқарув тизимлари ҳамда замонавий агротехнологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш сув сарфини камайтириш, ҳосилдорликни ошириш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш имконини беради.
Семинар давомида Ривулис компанияси мутахассислари томчилатиб суғориш тизимларининг замонавий ечимлари, уларни лойиҳалаш, ўрнатиш ва самарали ишлатиш бўйича тақдимот ўтказдилар. Шунингдек, экинларни суғориш билан бирга озиқлантириш, сув ва минерал ўғитлардан тежамкор фойдаланиш, рақамли мониторинг тизимлари ҳамда ҳосилдорликни оширишга хизмат қилувчи инновацион технологиялар ҳақида батафсил маълумот бердилар. Тақдимотда Ривулис компанияси бугунги кунда дунёнинг 120 дан ортиқ мамлакатида фаолият юритаётгани, компания мутахассислари томонидан ҳар йили 1 миллион гектардан ортиқ майдонда томчилатиб суғориш тизимларини жорий этаётгани алоҳида таъкидланди. Замонавий томчилатиб суғориш тизимлари нафақат сув сарфини камайтириши, балки экинларни озиқлантириш самарадорлигини ошириб, ҳосилдорлик ва маҳсулот сифатини яхшилаши қайд этилди.
Семинар иштирокчиларида, айниқса, компания томонидан Перу саҳроларида томчилатиб суғориш технологиялари асосида барпо этилган замонавий узумзорлар ҳақидаги тақдимот катта қизиқиш уйғотди. Ушбу лойиҳа сув ресурслари чекланган ҳудудларда ҳам замонавий технологиялар ёрдамида юқори ҳосилдорликка эришиш мумкинлигини яққол намойиш этди. Шунингдек, Ривулис компанияси Ўзбекистонда ҳам тадбиркорлар билан самарали ҳамкорлик қилиб келаётгани қайд этилди. Хусусан, Паркент ва Бўстонлиқ туманларида боғдорчилик ҳамда картошкачилик йўналишларида амалга оширилган йирик лойиҳалар бугунги кунда ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.
Шунингдек, яқин кунларда Ривулис компанияси ҳамкорлигида институт ҳудудида 25 сотих майдонда ўқув-амалий демонстрацион майдон ташкил этилиши режалаштирилаётгани маълум қилинди. Мазкур майдон фермерлар, агрокластерлар, тингловчилар ва соҳа мутахассислари учун томчилатиб суғориш технологияларини амалий ўрганиш, илғор тажрибаларни синовдан ўтказиш ҳамда оммалаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Семинар якунида иштирокчилар сув танқислиги шароитида ҳар бир томчи сувдан самарали фойдаланиш, замонавий суғориш технологияларини кенг жорий этиш ҳамда илм-фан ютуқларини ишлаб чиқаришга татбиқ этиш бугунги куннинг энг муҳим вазифаларидан бири эканини алоҳида таъкидладилар.










