Сабзавотчилик илмини ривожлантириш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг энг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олдига қўйилган асосий вазифа — мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги учун сабзавот, полиз экинлари ва картошканинг янги, серҳосил ва касалликларга чидамли навларини яратиш, соҳага доир илмий изланишларни чуқурлаштиришдан иборат.
Институтнинг илмий жамоаси мазкур устувор вазифаларни юқори малака, салоҳият ва тизимли изланишлар асосида бажармоқда. Буни олимлар томонидан яратилган янги навлар, замонавий агротехнологиялар ва амалий аҳамиятга эга илмий ишланмалар мисолида яққол кўриш мумкин.
Бугун Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Алишер Шукуров раҳбарлигида институтда бўлиб ўтган йиғилишда ҳам ушбу йўналишдаги ютуқлар алоҳида эътироф этилди.
Унинг таъкидлашича, сўнгги йилларда институт фаолиятида сезиларли ўзгаришлар амалга оширилди. Хусусан, йирик илмий лойиҳалар йўлга қўйилди, халқаро ҳамкорлик кенгайди, нав яратиш ва уруғчиликда янги технологиялар жорий этилди ва фермерлар билан амалий ҳамкорлик кучайтирилди.
Тадбир давомида вазир ўринбосари Алишер Шукуров йиғилиш иштирокчиларига шу пайтгача институт директори вазифасида ишлаб келган Рустам Низомов Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази маслаҳатчиси лавозимига тайинлангани муносабати билан директорлик лавозимидан озод этилганини маълум қилди.
Шунингдек, институт директори ўринбосари сифатида ишлаб келаётган Иброҳимов Баҳодир Акмал ўғли вақтинча институт директори вазифасини бажариб туриши эълон қилинди.
Йиғилиш якунида институтнинг келгуси фаолияти учун илмий-тадқиқот ишлари самарадорлигини ошириш, янги нав ва дурагайлар яратиш ва уруғчилигини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ҳамда фермерлар билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш устувор йўналишлар сифатида белгиланди.








