Сайт синов режимида ишламоқда: материаллар ва таржималар ҳали тўлдирилмоқда.
Шрифт:
Ранг:
Маҳсулотлар
Сайт харитаси Кириш
Gerb
Янгиликлар

Самарқандда юқори ҳосилдорликка эга янги ғўза навларини яратиш йўналишида беккросс чатиштириш тажрибалари олиб борилмоқда

Самарқандда юқори ҳосилдорликка эга янги ғўза навларини яратиш йўналишида беккросс чатиштириш тажрибалари олиб борилмоқда

Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Пахта селексияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти Самарқанд илмий-тажриба стансиясида ғўзанинг янги, юқори самарали навларини яратишга қаратилган селексия ишлари жадал давом этмоқда.

Хусусан, 2024-йилда маҳаллий ғўза навларига хорижий, Хитойнинг ХинЛиЗао 78 нави билан чатиштириш ишлари бошлаб юборилган. Мазкур нав генетик жиҳатдан ўзгартирилган бўлиб, кўсак қурти зараркунандасига чидамли (Бт гени асосида), юқори тола чиқимига эга бўлган истиқболли нав ҳисобланади.

Маҳаллий селексия материалларининг самарадорлигини ошириш, уларни кўсак қуртига чидамлилигини мустаҳкамлаш, эрта етилиши ва сифатли тола бериши каби хусусиятларини яхшилаш мақсадида беккросс усулида чатиштириш ишлари олиб борилмоқда.

2025-йил 3-июлдан бошлаб Самарқанд илмий-тажриба стансияси мутахассислари томонидан ХинЛиЗао 78 нави билан олдинги босқичда олинган Ф1 дурагайларига беккросс чатиштириш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда ХинЛиЗао 78 ва 11 та маҳаллий навлар ўртасида умумий ҳисобда 1465 та ғўза гулида беккросс чатиштириш муваффақиятли бажарилди.

Бундан ташқари, бугунги кунгача ХинЛиЗао 78 навини яна 4 та маҳаллий ғўза нави билан рекипрок (тўғри ва қайтма йўналишда) қўшимча чатиштириш орқали 512 та ғўза гуллари чанглатилди. Бундай ёндашув чатиштириш натижаларининг генетик жиҳатдан янада аниқлигини таъминлайди ва селексияда янги истиқболли дурагайлар олиниши эҳтимолини оширади.

Самарқанд илмий-тажриба стансияси ходимларининг асосий мақсади — Хитойнинг кўсак қуртига чидамли, эрта пишар, тола сифати юқори ХинЛиЗао 78 навининг фойдали генларини Самарқанд вилояти тупроқ-иқлим шароитига мослашган маҳаллий навларга ўтказиш орқали келажакда юқори самарадорликка эга бошланғич селексия материалларини яратишдан иборатдир.

Хатони маъмуриятга юбориш
Раҳмат! Хабарингиз юборилди.