СЕМИНАР_ТРЕНИНГ

Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институтида икки ҳафталик малака ошириш курси бошланди
Бугун Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар генетик ресурслари илмий-тадқиқот институтида (ЎГРИТИ) халқаро иштирокдаги икки ҳафталик ўқув курслари ўз ишини бошлади. Курслар АҚШнинг Оклахома университети профессори, таниқли олим Рам Шарма томонидан олиб борилмоқда.
Мазкур малака ошириш курслари Жаҳон банки томонидан молиялаштирилаётган қишлоқ хўжалигини модернизация қилишга қаратилган лойиҳа доирасида ташкил этилган. Тренингнинг асосий мақсади – ёш олимлар ва тадқиқотчиларни илғор илмий ёндашувлар ва замонавий селексия методлари билан таништиришдир.
Курснинг очилиш маросимида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновасиялар миллий маркази директори ўринбосари, профессор Соҳибжон Исломов сўзга чиқиб, ушбу ўқув курси ёш олимлар учун замонавий билимларни ўзлаштиришда ва мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Шунингдек, институт директори Зафар Зиёев ўз нутқида ушбу ўқув курслари нафақат назарий билим, балки амалий кўникмаларни ҳам мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади. Айниқса, генетик ресурсларнинг биотик ва абиотик стресс омилларига чидамли навларини яратишда селексиянинг илғор технологияларини қўллаш долзарб масала эканлиги алоҳида қайд этилди.
Тренинг давомида иштирокчилар генетик ресурсларни сақлаш ва таҳлил қилиш, молекуляр маркерлардан фойдаланиш, селексия жараёнларини замонавий технологиялар ёрдамида такомиллаштириш каби йўналишларда чуқур билим ва амалий тажрибага эга бўлишади.
Мазкур курслар илмий изланишларни чуқурлаштириш, ёш олимларни халқаро илмий ҳамжамият билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёрлаш ва қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашувларни кенг татбиқ этишга хизмат қилади.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе