Шоличиликда янги босқич: Ички бозорни гуруч билан таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар белгиланди

Жорий йилнинг 2- июл куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Республика аҳолисини гуруч маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 410-сонли қарори қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ:
Шоли етиштиришда ресурс тежовчи технологиялар кенг жорий этилади. 2025 йилда шоли майдонларининг камида 60 фоизи лазер технологияси орқали текисланади, 45 фоизида замонавий уруғ сепқичлар орқали экилади, такрорий экин сифатида экилган майдонларнинг камида 50 фоизида эса кўчатлаб экиш усули қўлланилади.
Сув тежовчи технологиялар синов тариқасида жорий этилади. 2026- йилда айрим ҳудудларда 10 гектардан кам бўлмаган майдонларда томчилатиб суғориш асосида шоли етиштириш бўйича тажриба лойиҳалари амалга оширилади.
Илмий-тадқиқот ва селексия ишлари халқаро ҳамкорлик асосида кучайтирилади. Жанубий Корея, Филиппин, Миср ва Непал давлатлари билан биргаликда сув кам талаб қиладиган, серҳосил, турли иқлим шароитларига мос шоли навларини яратиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилади.
Соғлом овқатланишга мос навлар устувор аҳамият касб этади. Янги нав ва дурагайлар мавжуд навларга нисбатан камида 10–15 сентнер/га юқори ҳосил беради, сув сарфини 30–35 фоизга камайтиради, болалар озуқаси ҳамда турли касалликларга мос гуруч маҳсулоти беради. Темир ва рух каби микроелементларга бойлиги билан ажралиб туради.
Кўчатлаб экиш учун зарур техникалар маҳаллийлаштирилади. Шолини кўчатлаб экиш ускуналари ва пластик кассеталарни харид қилиш учун лизинг ва кредит ресурслари жалб қилинади, ишлаб чиқаришни маҳаллий тадбиркорлар иштирокида ташкил этиш белгиланган.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе