ШОЛИЧИЛИКДА ЯНГИ ТЕХНОЛОГИЯЛАР ОММАЛАШМОҚДА

БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) маълумотларига кўра ҳар йили дунё бўйича 160 миллион гектарга яқин майдонда шоли экилиб, 750 миллион тоннадан ортиқ ҳосил олинади. Айтиш мумкинки, шолидан олинадиган гуруч маҳсулотига талаб жуда юқори. Лекин сайёрамизда сув ресурсларининг борган сари камайиб бориши соҳа олимларининг олдига шолининг тезпишар ва ресурстежовчи навларини яратиш, маҳсулот етиштиришда илғор инновацияларни яратиш вазифасини қўймоқда.
Бу борада Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Шоличилик илмий-тадқиқот институти олимлари ҳам илмий изланишлар олиб бормоқда. Хориждан серҳосил навларни олиб келиб маҳаллийлаштириш устида ҳам амалий ишлар олиб бориляпти. Мисол учун 2023-йилда четдан 521 та, 2024-йилда эса 316 та шоли навлари олиб келиниб, илмий муассасанинг тажриба майдонларида синовлари ўтказилмоқда.
Сўнгги йилларда Жанубий Корея Республикасининг Ўзбекистондаги КОПИА маркази билан ҳамкорликда ўтказилган бир қатор илмий-тадқиқотлар ўзининг ижобий натижасини берди. Шолини кўчат усулида экиш вегетесия вақтини 1 ойга қисқартирган ҳолда бир майдонда бир йилда 2 маротаба ҳосил олиш имконини берди. Кўчатни механизация усулида экиш эса ҳам вақтни, ҳам харажатларни тежашда муҳим омил бўлди.
Ўтган йили ушбу йўналишда ижобий натижага эришган олимлар бу йил тадқиқотни кенгроқ майдонда турли иқлим шароитларида ўтказмоқдалар. Наманган ва Андижон вилоятларида ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказилган дала семинари ҳам айни мавзуга бағишланди.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе