Соҳани ривожлантириш бўйича биринчи ярим йилликдаги натижалар ва устувор вазифалар муҳокама қилинди

Бугун аграр соҳага кириб келаётган инновация, илғор смарт технологиялар аграр соҳа масъулларининг олдига янгидан-янги вазифаларни қўймоқда.
Шу боис, аграр соҳада олиб борилаётган илмий изланишларнинг натижадорлиги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Бу борада ўрганиш олиб бориш ҳамда инновацион лойиҳаларни амалга ошириш кечиктириб бўлмас вазифалардан биридир.
Бунинг натижаси ўлароқ, бугун Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов раҳбарлигида жорий йил 6 ойи давомида амалга оширилган ишлар ҳамда йил охирига қадар бажарилиши зарур бўлган ишларга қаратилган таҳлилий-танқидий йиғилиш ўтказилди.
Видеоселектор шаклида ташкил этилган йиғилишда вазир ўринбосарлари, департамент, бошқарма ва бўлим бошлиқлари, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармалари ҳамда тизим ташкилот раҳбарлари иштирок этди.
Жорий йилнинг 6 ойи мобайнида бажарган ишлар, эришилган ютуқ ва камчиликларнинг таҳлили билан бошланган йиғилишда, аввало, бажарилган ишлар қисқача айтиб ўтилди. Жорий йилнинг олти ойида қишлоқ хўжалиги 3,8 фоизга ўсган. Йил бошидан буён соҳада сезиларли ўзгариш бўлган. Ҳар йилгига нисбатан ҳосилдорлик юқори. Бозорларда маҳсулотлар арзон нархларда сотилмоқда. Албатта буларнинг ҳаммаси аҳоли фаровонлиги ва турмуш шароитини яхшилашга қаратилганидан далолат.
Йиғилишда ҳар бир йўналиш бўйича алоҳида тўхталиб ўтилди, қишлоқ хўжалиги экинларидан олинадиган ҳосил, аҳоли бандлигини ошириш, замонавий суғориш технологияларини жорий этиш, пахтачилик соҳасида агросаноат кластери ва кооперативлари фаолиятини ривожлантириш, жорий йил давомида аграр соҳада амалга оширилиши режалаштирилган ишлар, мақсадли инвестицион лойиҳалар хусусида сўз юритилди.
Вазир ўз навбатида, ҳудудлардаги соҳага алоқадор ҳар бир раҳбар инвестицион лойиҳаларни жалб қилиш ҳамда экспорт ҳажмини оширишда йўлида масъулият билан ёндашиши лозимлиги, бу ишларнинг ижтимоий аҳамияти ва аграр тармоқ ривожида асосий омиллардан бири эканини ҳис этиши кераклигини таъкидлади.
Ғаллачилик кластерлари, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик комплекслари ташкил этиш, сувни тежовчи технологияларни кенг жорий қилиш бўйича ҳам аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Бинобарин, йил якунига қадар ҳудудлар кесимида экспорт салоҳиятини ошириш, ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, аграр соҳани рақамлаштириш, қишлоқ хўжалигини молиялаштириш, қишлоқ хўжалиги статистикаси ва янги иш ўринларини яратишга доир кўплаб истиқболли ишлар, шу билан бирга, тармоқ ва ҳудудларда тўлиқ ўзлаштирилмаган ҳудудлар ҳали кўплиги кўрсатиб ўтилди. Маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш юзасидан топшириқлар берилди.
Зеро, инвестицион лойиҳаларни жалб қилиш, ҳосилдорликни ошириш орқали озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни қондириш, экспорт географиясини кенгайтириш – халқимизнинг турмуш шароитини ошириш ҳамда озиқ овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Wебсите Телеграм Факебоок ЁуТубе Инстаграм