танқид

Илмий-тажриба стансиялари фаолиятини танқидий ўрганиш бошланди
Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази тизимидаги Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтининг Оққўрғон туманида жойлашган илмий-тажриба стансиясининг ҳам асосий вазифаси бошқа станциялар каби соҳа йўналишлари бўйича илм-фан ва амалиётнинг илғор ютуқларидан тўла фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда республика агросаноат мажмуасининг энг муҳим муаммолари бўйича илмий тадқиқотларни ташкил этиш, илмий-амалий изланишлардан олинган натижаларни қишлоқ хўжалиги самарадорлигини янада ошириш мақсадида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришига жорий этишдан иборат. Вазифа аниқ. Хўш, стансия жамоаси зиммасига юклатилган вазифани нечоғлик уддалаяпти?
Ушбу саволга жавоб топиш мақсадида Миллий марказ раҳбари Шуҳрат Отажонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ стансия фаолияти билан яқиндан танишди.
Очиғини айтиш керак, илмий даргоҳ деб аталадиган ушбу маконнинг остонасидаги ҳунук манзаранинг ўзиёқ жамоа аъзоларида ўзибўларчилик, хўжасизлик кайфияти ҳукмрон эканлигидан дарак берди.
Ишчи гуруҳ аъзолари станция фаолияти билан танишар экан, иш тўғри ташкил қилинмаганлиги, товар-моддий бойликлари тегишли тартибда сақланмаётганлиги, бир сўз билан айтганда барча ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилганлигига гувоҳ бўлди. иИмий-тажриба стансиясининг тасарруфида бўлган 147 гектар экин майдонларидаги ҳолат ҳам кўздан кечирилди. Тадқиқот ўтказилаётган ғўза навларнинг кўргазма майдонию пишиб етилган ғалланинг ҳосилдорлиги ҳам мутахассислар томонидан таҳлил қилинди. Экин ерларидан самарасиз фойдаланиш ҳолатлари ва илмий муассаса жамоаси учун хос бўлмаган салбий ҳолатлар Миллий марказ раҳбари Шуҳрат Отажонов томонидан кескин танқид қилинди.
– Илмий-тажриба стансиясида илмнинг ҳиди таралишининг ўрнига бу ерда носоғлом муҳит вужудга келган. Бу эса мамлакатимиз пахтачилик илмининг бир қисми бўлган ушбу муассасада бир жойда депсиниб қолиш ҳолатини келтириб чиқарган. Хўжасизлик, бошбошдоқликк сабабли номи улуғ бўлган даргоҳда ходимларнинг тўлақонли фаолият юритиши учун зарур шароит, ҳаттоки, бошқарув идорасининг дарвозаси йўқ. Сабаби аниқ. Молиявий имконият паст. Ваҳолангки, 147 гектар экин ери бўлган илмий ташкилот ҳомийлик қилишга қодир бўлиши керак. Бунинг учун раҳбар уқувли, жамоа аҳил бўлиши лозим. Акс ҳолда машҳур бир масалда айтилганидек, арава жойидан жилмайди – деди. Шуҳрат Отажонов.
Ўрганишлар якунида илмий-тажриба станцияси фаолиятига қониқарсиз баҳо берилиб, қисқа муддат ичида муассаса ҳудудини ободонлаштириш ва илмий фаолиятни ривожлантириш юзасидан тегишли чоралар кўриш юзасидан топшириқ берилди.
Миллий марказнинг расмий саҳифаларига обуна бўлинг!
WЕБ| Телеграм| Инстаграм | Факебоок |▶ Ёутубе